Декабрь ойида Россия газини Европага элтишни кўзловчи Nord Stream-2 («Шимолий оқим-2») қувурининг якуний қисмини ётқизиш ишлари бошланади.
Лойиҳа бир йил олдин АҚШ санкциялари туфайли тўхтаб қолган эди.
28 ноябрь куни Nord Stream-2 AG ширкати, линиянинг Германия яқинида битмай қолган 2 ярим километрлик қисмини ётқизиш ишлари тез кунларда бошланишини билдирди.
Германия матбуоти қурилиш ишлари 5 декабрда бошланишини хабар қилди.
Nord Stream-2 лойиҳаси Россия Германияга экспорт қиладиган газ кўламини икки баробарга оширади.
АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Германияни лойиҳани тўхтатишга чорлаб келади.
Ўтган йилда АҚШ санкциялари туфайли Швейцариянинг Allseas ширкати лойиҳани тарк этган эди.
Болтиқ денгизи остидан Германияга олиб ўтилаётган қувур линиясининг қолган қисмини якунлашга қайси ширкат жалб қилиниши очиқланмади.