Бухоронинг икки туманида газсиз қолган аҳоли автомобил йўлини тўсиб қўйди (ВИДЕО)

Йўл тўсганларнинг асосий қисми аёллардир. "Газета уз"дан олинган фотосурат.

Ижтимоий тармоқларда автомобиль йўлини тўсиб, газ берилишини талаб қилаётган одамларнинг видеоси тарқалди.

“Газета уз”нинг 10 декабрга ўтар кечаси хабар беришича, мазкур воқеа Бухоро туманида бўлиб ўтган. Шундан сўнг 9 декабрь куни кечқурун Бухоро вилояти Қоракўл тумани аҳолиси ҳам газ берилишини талаб қилиб, йўлни тўсиб қўйган.

Бухоро туманидаги воқеа тасвирланган видео муаллифи одамлар газ йўқлиги сабаб норозилик билдиришаётганини айтади. Видеода бир неча ўн одам, асосан аёллар йўлни тўсиб қўйишга уринаётгани акс этган. Улар билан ЙҲХБ ходимлари суҳбатлашмоқда. Одамлар 60 га яқин хонадонлар газсиз қолганини таъкидламоқда.

Қоракўл туманида эса, Bukhara News маълумотларига кўра, Дўстлик ва Қоракўз маҳаллалари аҳолиси электр энергияси ва газ таъминотидаги муаммолар сабаб М37 трассасини тўсиб қўйган.

Мазкур видео бўйича Бухоро вилояти ҳокимияти муносабат билдирди. “Ҳолат вилоят ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича батафсил ахборот берилади”, — дейилади ҳокимият хабарида.

Ҳар йилгидек жорий йилда ҳам Ўзбекистонда қиш мавсумида газ ва электр таъминотидаги узилишлар давом этмоқда. Жой – жойларда аҳоли газ ва электр энергияси берилишини талаб қилиб турли норозиликларни билдирмоқда.

Ўтган йили газ ва электр таъминотидаги мунтазам узилишлар ортидан Андижон, Фарғона, Сирдарё ва Қорақалпоғистонда аҳоли норозилик билдириб, йўлларни тўсиб қўйган эди.