Минск аэропортида Беларусь хавфсизлик ходимлари Украинадан учиб келган журналист Роман Васюковични қисқа муддат ушлаб туриб, унинг компьютери ва ҳужжатларини олиб қўйишди.
Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настояшчее время» лойиҳаси журналисти Васюковичнинг айтишича, уни бир соатда қўйиб юборишган, аммо «экстремистик» материал бор ёки йўқлигини текшириш учун ноутбукини олиб қўйишган.
Васюкович Беларусда августда бўлиб ўтган баҳсли президентлик сайловлари ортидан авторитар президент Александр Лукашенкога қарши бошланган норозилик намойишларини ёритиб келади.
Сайлов ортидан кўплаб намойишчи ҳибсга олинди ва қийноққа тутилди. БМТ маълумотларига кўра, бугунга қадар хавфсизлик кучлари 27 000 дан ортиқ шахсни ҳибсга олган. Бир неча киши полиция қўлида нобуд бўлди.
Август ойидан бери мамлакатда камида 373 журналист ҳибсга олинди. Уларнинг олти нафари ҳануз қамоқда.
Октябрь ойида Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги "Настояшчее время" лойиҳаси журналистлари ва бошқа хорижий оммавий ахборот воситаларининг аккредитациясини бекор қилган эди.