Сирдарёда катта йўл чорраҳасида туриб, рақс тушган видеосини TikTok ижтимоий тармоғига юклаган йигитлар 4 суткага қамалди.
Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, йигитлар автомашиналар ҳаракатига ҳалақит бериб рақсга тушгани ва карантин широтини бузгани учун жазоланган.
Расмий хабарда айтилишича, тармоққа тушган видеони 3 йигит ҳозирлаган - 2 нафари 20 яшар, 1 нафари эса 18 яшар сирдарёликдир.
Улар "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги кодекснинг 54-модда, 1-қисми билан "карантинли шароитда" махсус талабларга зид равишда жамоат жойида юргани" ҳамда 183-моддаси билан майда безориликда айбланиб, жазоланган.
2 нафарига энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима ҳамда 4 суткадан маъмурий қамоқ жазоси, бирига эса энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима ҳамда 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Айни пайтда, Сирдарё ИИБ баёнотида вилоятдаги "тиктокчи" йигитларнинг бу ҳаракатлари "миллий менталитетига зид таъсир" натижаси сифатида таърифланди:
"Ёшларимизнинг маънавиятини юксалтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, онгу шуурини миллий менталитетимизга зид таъсиридан ишончли ҳимоялаш нафақат давлат органлари балки, барчамизнинг зиммасига ҳам катта масъулият юклайди", дейилади Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати тарқатган баёнотда.
Шу йилнинг 23 октябрида Андижон вилояти ИИБ тунда шаҳар хиёбонидаги ўриндиқларни ағдариб, тўсиқлар, чиқинди қутилари ва симчироқларни тепгани акс этган видеони TikTok тармоғига юклаган йигитлар, безориликда айбланиб жазоланганини хабар қилган эди.