Фарғона вилоятида 2021 йилнинг 1 январидан йўлдаги қонунбузарликлар , учувчисиз учадиган қурилмалар ёрдамида қайдга олинади. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.
“Ушбу қурилмалар ёрдамида куну-тун патруллик ташкил этилиб, белгиланган тезликка, йўл чизиқларига, светафор ишораларига амал қилмаган, пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермаган ҳайдовчиларни ҳамда тиббий ниқобдан фойдаланмаган, жамоат тартибини бузган фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлари аниқланади”, дейилган ИИБ хабарномасида.
Фарғоналик ҳуқуқ-тартиботчилар янги тартибдан мақсад фуқароларни “жаримага тортиб, молиявий зиён етказиш эмас”, уларнинг “инсон ҳаёти ва соғлигига дахлдор бўлган қоидаларга амал қилишини таъминлашга қаратилган”ини иддао қилган.
Аввалроқ Озодлик Фарғона вилояти ИИБ шу йил 17 октябридан вилоятда ниқобсиз юрган фуқаролар фотовидеофиксация орқали аниқлаб, жаримага тортишга оид тартиб жорий этгани ҳақида хабар қилган эди.