АҚШ Сенати кўпчилик овоз билан президент Дональд Трамп мудофаа харажатлари ва сиёсат тўғрисидаги қонун лойиҳасига қўйган ветони бекор қилиб, президентнинг ушбу қонун лойиҳасига қўйган тўсиғини йўқ қилди.
Республикачилар назорати остидаги Сенатнинг 81 нафар сенатори 1 январь куни бўлиб ўтган ғайриоддий таътил сессиясида президент ветосини бекор қилишни ёқлаб овоз берди.
Сенат президент ветосини бекор қилиши учун сенаторларнинг учдан икки қисми буни қўллаб овоз бериши керак.
28 декабрда АҚШ Намояндалар палатаси Трамп ветосини бекор қилишни қўллаб овоз берган эди.
Трамп президентлик курсисига ўтирганидан бери илк маротаба у қўйган вето Сенат томонидан бекор қилинди.
Сенатнинг ушбу қарори жорий ойда хизмат муддати тугайдиган Трамп учун кескин танбеҳ ўлароқ кўрилмоқда.