Икки халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот беш нафар Россия фуқароси мунозарали «хорижий агентлар» рўйхатига киритилганидан хавотир изҳор қилди.
8 январь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ОАВ эркинлиги бўйича вакили Россия Адлия вазирлигининг бу қарори сўз эркинлиги ва демократияни чеклашини айтди.
28 декабрь куни Россия беш нафар фуқаро «хорижий оммавий ахборот воситалари агентлари» рўйхатига киритилганини маълум қилган эди. Улар орасида Озодликка ҳисса қўшиб келган уч журналист ва икки ҳуқуқ ҳимоячиси бор.
Мамлакатда 2012 йилда қабул қилинган қонунга биноан олдинги йилларда фақат нодавлат ташкилотлар ҳамда инсин ҳуқуқлари гуруҳлари «хорижий агентлар» рўйхатига киритилар эди. Аммо 2020 йилнинг якунида имзоланган янги қонунга биноан эндиликда жисмоний шахслар ҳам «хорижий агент» деб белгиланиши мумкин.
Хабарларга кўра, бугунга қадар «хорижий агентлар» рўйхатига киритилган ташкилот ва жисмоний шахслар сони 18 га етган.