Мирзиёев: Жиззахда қулаган уйни қурганлар қонун олдида жавоб беради!

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 январ куни Тошкентда фаоллар билан учрашувда Жиззахда қулаб тушган уй масаласига тўхталиб, уни қурганлар қонун олдида жавоб бериши кераклигини айтди.

Президент, шунингдек, ўз чиқишида Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарига чора кўришни талаб қилди.

Аввалроқ бу амалдорнинг қариндошлари қурилишлар бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани ҳақда маҳаллий матбуотда хабар қилинганди.

"Давлат идораларига талаб бундан ҳам қаттиқ бўлади. Мана, мен яқинда икки вазирни ишдан олдим. Яна қатор вазирлар, вазир ўринбосарлари қаттиқ огоҳлантириш олди. Нимага десангиз, аравани тортиш керак, бўлмаса кетиш керак.

Жиззахдаги уй қурилишига йўл қўйганлар қонун олдида жавоб беришлари керак. Бу масала албатта назоратда бўлиши керак", – деди Мирзиёев.

Президент ўз чиқишида Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарини ўз сиёсатига хиёнат қилганликда ҳам айблади.

"Унинг бутун тўдасига қонуний жазо белгиланиши керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди", – деди Шавкат Мирзиёев.

Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Акрам Раҳмонқуловнинг қариндошлари ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини қуриш бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани, унинг қариндошлари ютган тендерларда комиссия раҳбари сифатида қатнашгани маҳаллий матбуотда хабар қилинганди.

10 январь куни Жиззах шаҳридаги Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янги қурилаётган, 6 қаватдан иборат кўп қаватли уй қулаб тушганди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.