Агар Ўзбекистон фуқароси бошқа давлат фуқаролигини олган бўлса у икки фуқароликдан бирини танлаши керак бўлади.
Чет элга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқароси мамлакат фуқаролигидан чиқмаган ҳолда чегарадан чет давлат паспорти билан кириб келса, у Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилшодбек Муродбеков Тошкентда ўтказилган брифингда таъкидлади.
"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонунга биноан, агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса, у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотади.
Берилган муддат давомида шахс чет эл фуқаролигидан воз кечмаса, унинг Ўзбекистон фуқаролиги президент фармони билан тугатилади. Ушбу ҳолатда шахс ҳеч қандай маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилмайди", - деди Муродбеков.
Ҳозирда ўз ватанига айнан фуқаролик, ОВИР ва янги биометрик паспорт масалалари билан ватанига қайтолмаган миллионлаб ўзбекистонликлар борлиги тахмин қилинади.
Улар орасида чет эл ватандошлигини олганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.