15 январь куни Федерал Денгизчилик ва гидрография агентлиги АҚШ санкциялари ва экологик гуруҳларнинг қаршиликларига қарамай Nord Stream-2 («Шимолий оқим-2») қувурини якунлаш учун қурилиш ишларини бошлашга рухсат берди.
Линия Россия газини Европага элтишни кўзлайди. Лойиҳа Россия Германияга экспорт қиладиган газ кўламини икки баробарга ошириши кутилмоқда.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Environmental Action Germany гуруҳи Nord Stream-2 иқлимга ва кўчиб юрувчи қушларнинг Болтиқ денгизи соҳилидаги муҳим яшаш жойларига таҳдид солишини айтиб, агентлик қарори устидан судга шикоят қилишини билдирди.
АҚШ узоқ йиллардан бери Nord Stream-2 қурилишига қарши чиқиб келади. Вашингтонга кўра, лойиҳа Германияни Россия газига қарам қилиб, Европа хавфсизлигига таҳдид солади.
2019 йилнинг декабрида Вашингтон Болтиқ денгизи тубида лойиҳа қувурларини ётқизишга кўмаклашадиган ҳар қандай ширкатга қарши санкция жорий қилган.
«Газпром» маълумотларига кўра, қувурнинг 94 фоизи ётқизилган.