Қирғизистон собиқ президенти Сўўрўнбай Жээнбеков коррупция даъвоси кўрилган судга чақирилди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Сўўрўнбай Жээнбеков

Қирғизистоннинг собиқ президенти Сўўрўнбай Жээнбеков коррупцияда айбланган собиқ Бош вазир ўринбосари Дуйшенбек Зилалиев судига гувоҳ тариқасида чақиртирилди.

"Жээнбеков 28 январь куни суд жараёнида қатнашиши керак эди, лекин ўша куни у янги президент Садир Жапаровнинг инаугурация маросимида бўлгани учун судга келмаган", дейди Озодлик билан суҳбатда Зилалиевнинг адвокати Таалайгул Тохтахунова.

Тохтахунованинг хабар беришича, суд Жээнбековга 3 февраль кунига белгиланган Зилалиевнинг аппеляция маҳкамасида гувоҳ сифатида қатнашишга чақирган.

Зилалиев 2018 йил охирида ҳибсга олиниб, 2020 йил октябрида унга тўққиз йил қамоқ жазоси тайинланган. Зилалиев ноқонуний бойлик орттиришда айбланган — Бишкек банкларининг бирида амалдорга тегишли ҳамда декларацияга киргизилмаган 1 миллион АҚШ доллари топилган.

“Зилалиев терговда бу пуллар унга тегишли эмаслиги, улар Жээнбековнинг сайловолди кампанияси маблағлари эканини айтган. Жээнбеков ўша пайт президент бўлгани учун, уни терговга жалб қилиб бўлмаган. Энди эса у ҳамма қатори оддий фуқаро, шунинг учун уни судга чақиртириш мумкин”, дейди Тохтахунова.

Жээнбеков ва унинг адвокатлари ҳозирча ушбу иддаоларга муносабат билдирмаган.