Россияда президент Владимир Путинга ишонч жорий йилда энг паст даражага тушди.
“Ижтимоий фикр” жамғармаси олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, 53 фоизгина аҳоли Путинни қўллаб-қувватлайди. Путин сиёсатини қўлламаслигини билдирган респондентлар эса 35 фоиз.
Иштирокчиларнинг яна 12 фоизи “Владимир Путинга ишонасизми ёки ишонмайсизми?” саволига жавоб беришда қийналган.
Сўров 22-24 январь кунлари 3 минг респондент орасида ўтказилган. Жамғарманинг аввалги сўровларида Путинга ишонч 55 фоиздан кам бўлмаган.
Шунингдек, сўровда 60 фоиз россиялик Владимир Путиннинг президентлигини маъқуллаган ва 26 фоизи ундан норози эканини билдирган.
“Левада” ижтимоий сўров маркази олиб борган тадқиқотга кўра, ўтган йил январида россияликларнинг 35 фоизи Путинга ишонишини айтган.
Жамоатчилик фикрини ўрганувчи ВЦИОМ ўтган йилнинг мартида ўтказган сўров натижаси, россияликларнинг Путинга ишончи сўнги 14 йилдаги энг паст даражага тушганини кўрсатганди. Сўровда иштирок этганларнинг 28 фоизи Путинга ишонишини айтган, бу кузатувлар тарихидаги энг паст кўрсатгичдир.
Шундан сўнг ВЦИОМ сўров методикасини ўзгартириб, Владимир Путинга респондент ишонадими-йўқми мазмунидаги сўровларни ёпиқ ўтказадиган бўлди.
Лекин саволнинг шундай тузилишининг ўзиёқ президентга бўлган ишонч тушганини кўрсатмоқда - бу рақам 2020 йилнинг январидаги 74 фоиздан мартидаги 67 фоизгача тушган.