Ўзбекистонда Damas ва бошқа барча турдаги автотранспорт воситаларида йўловчиларни ташишга рухсат берилди
Бу ҳақда Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг йиғилишида қарор қилинган.
Ўзбекистонда коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўтган йилнинг 27 мартидан Damas ва бошқа турдаги транспортларда юк ташиш тақиқлаб қўйилганди.
"Иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида Санитария қоидалар, нормалари, гигиена нормативларига ва Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган санитария-эпидемиологик тартибларга қатъий риоя этган ҳолда Damas русумли ва бошқа барча турдаги автотранспорт воситаларида йўловчиларни ташиш, караоке ва бильярд заллари, СПА салонлари фаолиятига рухсат берилди", — дейилади комиссия билдирувида.
Ўзбекистонда 2020 йил 5 сентябрдан театр, кинотеатр, аттракционли боғлар фаолиятига ва жума намозлари ўқилишига рухсат берилган, йўналишли таксилар фаолияти қайта тикланган, болалар боғчалари қайта очилганди.
Шу билан бирга, тўйхоналар, тунги клублар, дискотека, СПА ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятини тақиқланиб келаётганди.
2020 йил октябрь охирларида Ўзбекистонда 1 октябрдан тўйхоналарда тўй ўтказишга рухсат берилган эди.
Ўзбекистонда ишсизлик ва маошларнинг камлиги боис машинаси борлар ўз уловида, йўқлар эса бошқалар машинасини ижарага олиб одам ташиш орқали тирикчилик қилади.