Ўзбекистонда коронавируснинг британча штамми илк бор қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликка кўра, янги штамм 2021 йилнинг 23 январ куни БААдан Тошкентга оила аъзолари билан қайтган 10 ёшли қизда аниқланган.
"Ўрнатилган тартибга кўра, халқаро аэропортда фуқародан экспресс усулида тест олинганда, унда мусбат натижа қайд этилган. Шундан сўнг бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига тез ёрдам машинасида олиб келинган. Шифохонада ўша куннинг ўзида функционал-клиник текширувлардан ўтказилган ва унга касалликнинг симптомсиз кечиши ташхиси қўйилган", - дейилади вазирлиги баёнотида.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, ҳозирда беморнинг умумий ҳолати қониқарли, шикоятлари йўқ, тегишли тиббий стандартлар бўйича даво муолажаларини олмоқда.
Бемор билан бирга бўлган оила аъзоларида манфий натижа аниқлангани сабабли уй шароитида изоляцияга рухсат берилган.
"Соғлиқни сақлаш вазирлиги ана шу вазиятдан келиб чиқиб, яна бир бор аҳолини ҳушёрликка, жамоат ҳамда иш жойларида тиббий ниқобни тўғри ва доимий тарзда тақиб юришга, ижтимоий масофани сақлаш, қўлларни мунтазам ювиб туриш каби кундалик одатларни канда қилмасликка чақириб қолади", - дейилади вазирлик баёнотида.
2020 йилнинг декабр ойи ўрталарида Буюк Британияда коронавируснинг янги мутацияси аниқланганди. Кўпгина мамлакатлар, Британияга парвозларни вақтинча тўхтатганди. Ўзбекистон ҳам Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали мамлакатга кириш)ни тўхтатиш каби чоралар кўрилган эди. Бу чоралар 1 мартга қадар узайтирилди.