29 январь куни Москва суди Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг укаси Олег Навальнийни ҳамда мухолифатчининг бир нечта иттифоқчисини икки ойга уй қамоғига ҳукм қилди.
Москва полицияси пойтахтда «рухсат берилмаган» намойишлар арафасида ҳаракатланиш чекланиши ва етти марказий метро станцияси ёпилишини эълон қилди.
Мухолифатчи Навальний шу йил 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида «Новичок» моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди.
Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун «Матросская тишина» тергов ҳибсхонасига йўлланган. Бу ҳодиса ортидан 23 январь куни Россия бўйлаб Навальний ҳимоясига оммавий намойишлар бўлиб ўтди, уларда қатнашган 4 мингга яқин одам ҳибсга олинди.
Мухолифатчининг тарафдорлари 31 январида ҳам «Россиянинг барча шаҳарларида» янги акциялар ўтказишни мўлжалламоқдалар.
Москвада Федерал хавфсизлик хизмати қароргоҳи қаршисидаги Лубянка майдонида ва президент маъмурияти офислари жойлашган Старая майдонида намойишлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.