Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Ўзбекистонда коронавируснинг янги, "британча" штаммига чалинганликда гумонланган ўттиздан ортиқ бемордан олинган таҳлил намуналари ўрганилмоқда.
Вазирлик вируснинг янги кўриниши Ўзбекистонда 30 январь куни аниқланганини билдирганди.
Янги штамм Дубайдан оиласи билан 23 январь куни қайтган тошкентлик 10 яшар қизалоқда топилган.
Ўзбекистонда янги штаммни аниқлаш бўйича илк синовларни ўтказган Инновация вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази раҳбари муовини Алишер Абдуллаев 4 февраль куни Озодлик билан суҳбатда "британча" штаммни ўзлари ишлаб чиққан генетик усулда аниқлаганликларини айтди.
"Республика СЭН маркази бизга чет давлатлардан келганлар ёки Зангиота ковид марказидаги "британча" штамм мавжудлиги эҳтимоли бўлган беморлардан намуналарини бериб боради. ПЦР-скрининг йўли билан, ҳар бир мутация учун алоҳида таҳлиллар ўтказиб, шу 33та намунадан биттасида "британча" штаммга хос мутацияларни аниқладик", - дейди Абдуллаев.
Олимга кўра, бу беш-олти кунни ўз ичига оладиган жараён. Лекин, - дейди у, мутацияга учраган коронавирусни тез фарқловчи тест тизими ҳозирча Ўзбекистонда йўқ.
"Бизнинг синов тизимларимиз коронавируснинг ҳар қандай тури, шу жумладан, "британча" штаммни ҳам таний олади. Лекин мутацияга учраган коронавирус турларини фарқловчи, дифференциацияловчи тест тизими бизда йўқ. Бу учун катта лаборатория керак. Бунга талаб ҳам йўқ, афтидан. Агар шунга талаб бўлса, буюртма бўлса, биз буни қила оламиз, бизда имконият бор", - дейди Илғор технологиялар маркази раҳбари муовини Алишер Абдуллаев.
ССВ: Ҳозирча битта ҳолат
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари 2 февраль ҳолатига кўра, мамлакатда "британча" штамм билан боғлиқ битта ҳолат аниқланганини айтмоқда.
Вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, Дубайдан 23 январда оиласи билан қайтган 10 ёшли қизда штамм аниқланган, холос.
Беморнинг аҳволи яхши. Унинг оила-аъзоларида эса вирус аниқланмаган. Уларга уй шароитида изоляцияга рухсат берилган, дея билдирди Санаев.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги ковид беморларига ихтисослашган махсус шифохонада британча штамм билан боғлиқ фавқулодда ҳозирликка доир хабарлар тарқалди.
Касалхона шифокорлари ва ҳамшираларига 2 февраль куни Телеграм орқали йўлланган хатда "эртага ҳамма жойида бўлсин, янги ковид чиқибди, СЭСдан келишади", деб ёзилган.
Хатда янги касаллик аниқланган хонадоннинг манзили ҳам кўрсатилган.
Зангиота тумани санитар-эпидемиологик назорат маркази мулозими Озодлик билан суҳбатда бу ҳолатга аниқлик киритди.
Мулозим бемор янги штаммга чалинган, деб гумон қилинаётганини айтди.
"Янги штамм аниқланди, дейилмаяпти бу ерда, чунки штамм дарров аниқланмайди. Гумон қилиняпти. Балки штамм бўлмаслиги ҳам мумкин. Ундан тест олиниб, Тошкентга жўнатилган. Ҳозирча мен сизга бу ҳақда ҳеч нарса айтолмайман, ҳали тест натижаси йўқ", - деди исми очиқланишини истамаган СЭС мулозими.
Бундан олдин Ўзбекистон ССВ коронавируснинг ўта юқумли бўлган янги штамми Тошкент давлат педагогика университетида қайд этилгани, университет талабаларига маълум муддат жавоб берилгани ҳақидаги хабарни рад этиб чиққанди.
Хивада бир мактаб ёпилди
Айни пайтда Хоразмнинг Хива туманида ўқувчилари коронавирус юқтириб олган 38-сон мактаб ёпилиб, вақтинча онлайн таълимга ўтказилди.
Бу ҳақда шу мактабда ўқийдиган ўқувчилардан бирининг отаси Озодликка маълум қилди:
"Янги штамми ёки оддий коронавирусми, билмаймиз. Икки болада чиққан. Янги вирус болаларга юқувчан деб айтилаётганига ҳамма ҳавотирга тушган", - дейди исми айтилишини истамаган хивалик.
Туман санитария-эпидемиологик назорат марказининг Хуршида исмли ходимаси икки ўқувчида коронавирус аниқланиши ортидан мактабнинг ҳамма ўқувчи ва ўқитувчиларидан тест намуналари олинганини айтди.
- Икки болада ковид чиқди. Вилоят СЭСидан келиб, шу мактабнинг ҳамма ўқувчиси, ўқитувчиси, ота-оналари ва қариндошларини ҳаммасидан тест олинди. Лекин, бизда уларни "британча" штаммга тест қилиш имконимиз йўқ. Шундай бўлса-да шу икки бола доимий кузатувимизда, - деди Хива тумани СЭС ходими.
Озодлик билан суҳбатда бўлган маҳаллий шифокорлар ва СЭС ходимлари ҳам жойларда янги штаммни аниқловчи тест тизимлари йўқлигини айтишди.
"Бизнинг ўзимизда коронавируснинг янги штаммини аниқловчи тест тизими ҳали йўқ. ПЗР-тест оламиз. Агар коронавируснинг янги турига шубҳа бўлса, анализларни Тошкентдаги Инновация вазирлигига жўнатамиз", - дейди исми очиқланишини истамаган Зангиота тумани СЭС мулозими.
"Британча" штамм ҳақида нималар маълум?
Ўтган йил сентябрида Британия жануби-шарқида топилган янги штамм коронавируснинг бошқа турларига қараганда 70 фоизга юқумлироқ экани айтилади.
Ноябрь ойига келиб, Британиядаги барча касалланиш ҳолатларининг 25 фоизи коронавируснинг айнан шу вариантига тўғри келган. Декабр ойи ўрталарида бу кўрсаткич 65 фоиздан ошган.
Мавзуга алоқадор Коронавируснинг янги турлари хавотирга сабаб бўлмоқдаҲозирда коронавируснинг ушбу янги тури дунёнинг 60 га яқин давлати, жумладан, ўзбек муҳожирлари кўпчиликни ташкил этадиган Россияда ҳам қайд этилган.
Ўзбекистон Буюк Британия, Германия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка билан парвозларга 1 февралгача амал қилган тақиқни 1 мартга қадар узайтирди.
Сўнгги 14 кун давомида бу давлатларда бўлган ҳолда учинчи мамлакат орқали Ўзбекистонга кириб келган шахслар карантинга олинади.
Расмий рақамларга кўра, 3 февраль ҳолатига Ўзбекистонда жами 78 916 киши коронавирус инфекциясига чалинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, охирги бир суткада дунёда 12 мингдан ортиқ одам COVID-19дан вафот этган. АҚШдаги Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, 4 февраль ҳолатига дунёда коронавирусга чалинганлар сони 104 миллион 389 кишини ташкил этмоқда, улардан 2 миллион 268 минги вафот этоан.