Ўзбекистондан Покистонга темир йўл қуриш режаси ўзбек матбуоти томонидан реал лойиҳа сифатида тақдим этилди

Ўзбекистонни Покистоннинг Пешавор шаҳри билан боғлайдиган темир йўл қурилиши юзасидан ишчи гуруҳларнинг биринчи йиғилиши ўзбек маҳаллий матбуоти томонидан лойиҳанинг бошланиши сифатида тақдим қилинди.

“Тошкентни Покистон шимоли билан боғлайдиган Мозори-Шариф—Кобул—Пешавор темир йўли қурилиши ва унинг узунлиги 573 километр бўлиши маълум қилинди”,-деб бошланади ўзбек матбуоти тарқатган хабар.

Аслида, расмий манбага таяналадиган бўлсак, 2 февраль куни Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон вакилларидан иборат ишчи гуруҳ биринчи марта учрашган ва темир йўл қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган холос.

Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 800 миллион доллар экани ва бу лойиҳага хорижий инвесторларни жалб этиш зарурати қайд этилган.

Темир йўл қурилиши учун Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукумати қўшма равишда АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси ҳамда бошқа халқаро молия ташкилотларига мурожаат этишлари лозим. Лойиҳа бу ташкилотлар уни тасдиқлаган ҳолатдагина амалга оширилиши мумкин.

Аммо уч давлат ҳукумати лойиҳа 2022 йилнинг сентябрь ойидан бошланишини режалаштирмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳаси камида 20 йилдан бери муҳокама қилиб келинмоқда.

Энг сўнги марта темир йўл қурилиши 2018 йилда бошланиши ҳақида эълон қилинган эди. Аммо шу кунгача бу лойиҳа юзасидан томонлар келиша олмаган. Экспертлар бу шунчаки бир популистик режа эканини таъкидлаб келадилар.

Мавзуга алоқадор Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли ҳали-бери қуриладиганга ўхшамайди