Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 13 февраль куни Тошкентнинг “Мовий гумбазлар” хиёбонида аҳоли вакиллари билан учрашди.
Хиёбонда барпо этилиши кутилаётган “Истиқлол” мажмуаси қурилиши ва "Мовий гумбазлар" кафесининг бузилиши норозиликка сабаб бўлаётганди.
Кўпчилик ҳудуддаги дарахтлар кесилишига ҳам эътироз билдириб чиққан.
Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев бирорта дарахт кесилса, ўз аризаси билан ишдан кетишга тайёр эканини айтди.
“Дарахтлар кесилмайди, аксинча, қўшилади. Бўш жойга мустақиллик стеласини ўрнатамиз. Агар дарахт кесилса, ўз аризам билан ишдан кетаман”, деди Ортиқхўжаев.
Мажмуа лойиҳаси учун танлов эълон қилингач, кўп ўтмай бир гуруҳ фаоллар бунга қарши петиция бошлашди. Онлайн петицияда 7 мингдан ортиқ киши овоз берган, бевосита 5 мингдан ортиқ фуқародан йиғилган имзолар президентнинг Халқ қабулхонасига топширилган.
Эътирозлардан сўнг, хиёбондаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилди, ҳокимлик улар ҳимояга олинишини билдирди.