Наманганда президент Шавкат Мирзиёев ўтиши кутилаётган йўллар бир кечада асфальт қилингани тўғрисида 18 февралда Озодликка бир неча наманганлик бир-биридан мустақил равишда хабар қилди.
Наманганликларнинг Озодликка айтишича, деярли бутун вилоятдан техникалар, қурилиш ва йўл таъмирлашга алоқадор барча хизматлар ходимлари Наманган шаҳри ва атроф туманларга сафарбар этилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни Наманган вилоятига жўнаб кетган.
Икки ҳафта олдин Мирзиёев Фарғонага сафари чоғида вилоят марказидаги Шодиёна маҳалласига кутилмаган ташриф билан борган, у ердаги йўллар аҳволини танқид қилган эди.
Президент танқидидан сўнг, шаҳар ҳокими, прокурори, ИИБ ва солиқ бошлиқлари ишдан олинганди.
Исми очиқланмаслигини сўраган наманганлик такси ҳайдовчиси президент Шавкат Мирзиёев келишидан бир кун олдин асфальт ётқизилган йўлларда транспорт қатновлари тўхтатиб қўйилган.
"Свежий асфальт, машина юрса изи қолмасин, деб йўлларни ёпиб қўйишди. Президент келади, деган хабар чиққанидан бери вилоят ҳокимлиги қизғин тайёргарлик кўряпти. Ўттиз йилдан бери таъмирланмаган йўлларга бир кечада асфальт ётқизилди", - деди ҳайдовчи.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Нега асфальт президент учун қилинади, халқ учун эмас?"
Наманганнинг Давлатобод туманида яшовчи аёлнинг Озодликка айтишича, Мирзиёев очиб бериши кутилаётган туман кутубхонаси олдидаги 40 йилдан бери таъмир қилинмаган йўл ҳам бир кечада асфальтланган.
"Кечаси билан асфальт қилиб чиқишди. 3-микрорайонда яшаймиз. Президент библиотекани очиб бераркан. 40 йилдан бери қаровсиз қолган, СССР пайтидан бери таъмирланмаган йўл устига асфальт ётқизишди. Лекин, катта йўлдан бошлаб фақат 300 метри қилинди, орқа томони ҳозир ҳам дабдаласи чиқиб ётибди. Фақат кўринадиган жойларга асфальт қилишди. Ҳокимият нимага йўлларни фақат президент учун қилади, халқ учун эмас,?!- деди аёл.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни Наманганга келди.
Ташрифдан мақсад қўйилган вазифалар ижросини кўриш, маҳаллалардаги шароитни ўрганиш, аҳолини ўйлантираётган муаммолардан келиб чиқиб, навбатдаги режаларни белгилаш экани айтилди.
"Фарғонадагидай лавозимидан бўшатилишидан қўрқиб, булар шу ишларни қиляпти", - дея қўшимча қилади Наманганнинг Давлатобод туманида яшовчи аёл.
Наманган вилоят ҳокимлигининг Озодлик саволига жавоб берган мулозими "асфальтлаш ишлари режа бўйича қилиняпти", дея гапни қисқа қилди.
"Қаерни назарда тутяпсиз билмадиму, лекин бунақа ишлар, айниқса асфальт ишлари режа бўйича қилинади", - деди мулозим ва вақти чекланганини айтиб, телефонни қўйди.
Икки ҳафта муқаддам Ўзбекистон президенти Фарғона шаҳридаги Шодиёна маҳалласига кутилмаган ташриф уюштириб, у ердаги аҳволни танқид қилгани ортидан шаҳар ҳокими, прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва солиқ инспекцияси раҳбарлари ишдан бўшатилганди.
Мавзуга алоқадор Президент қайси маҳаллага боришини ҳеч ким билмаслигини айтгани иддао қилинди. Президент расмий сайти бу ҳақда хабар бермадиМазкур воқеадан сўнг Наманганда маҳаллий мулозимлар Фарғонадаги раҳбарлар вазиятига тушмаслик мақсадида “қолоқ маҳалла”ларни зудлик билан обод қилишга киришгани ҳақида хабарлар кела бошлади.
Озодлик манбаларига кўра, ҳашар кўринишида бўлаётган бу жараёнда тадбиркорлар ва идора-ташкилотлар ҳомийликка мажбурланмоқда.
Мавзуга алоқадор Президентнинг кутилмаган ташрифидан қўрққан мулозимлар “қолоқ маҳалла”ларни обод қилишни бошладиНаманганлик блоггер Аббос Асад ободончилик ишлари фақат президент келиши учун қилинмаслиги керак, дейди:
"Мен ҳам кўрдим, асфальт қилишяпти. Асфальт бўлсин, лекин президент келиши учун қилинмаслиги керак бу. Ҳар қанақанги ишлар, қурилиш ишлари бўладими, ободончиликми, бу ишлар йил бошида ажратиб берилган бюджет бўйича амалга оширилиши керак. Асфальт қиляпти, шоша-пиша, эртага катта келади, деб, лекин халқ асфальт қилиб бер, деса ҳокимлар қайрилиб ҳам қарамайди. Наманган шаҳар, Кўзагарлик кўчасида Орифбой гузарида йўл расвоси чиқиб ётибди, велосипедда ҳам юриб бўомайди. Аҳоли йиллардан бери асфальт қилиб беринглар деб мурожаат қилади. Йўл солиғини олиб ётибди. Бунга сарфланган пулларни очиқ ҳисоботини кўрмаймиз, таъмирланган йўлларни ҳам кўрмаймиз", - дейди Аббос Асад.
Кўзбўямачилик президент танқидидан кейин ҳам давом этмоқда
Ўзбекистонда кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.
Шавкат Мирзиёевнинг ўзи 2015 йилда Бош вазир бўлиб ишлаган даврда унинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилояти Қўштепа туманидаги автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган.
Ўтган ой Мирзиёевнинг Хоразмга сафари олдидан йўл четига "сохта иссиқхоналар" ўрнатиб чиқилгани ҳақда Озодлик хабар берганди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин ўзининг жойларга ташрифи олдидан вилоят, туман ва шаҳарлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан қилинаётган кўзбўямачиликларни бир неча марта қоралаган.
“Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, лаънат айтади. Бизни дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг”, деган эди президент 2018 йил 13 апрел куни Сайхунобод туманида қилган чиқишида.
Аммо бу танқидларга қарамай, президент борадиган ҳудудлар йўлларини шоша-пиша асфальт қилиш, томларни бўяш, бюджет ходими ишчиларини кўча тозалашга чиқариш, йўл бўйига хўжакўрсинга иссиқхоналар қуриш, кўчатлар экиш ёки очилган пахтани тердирмай туриш каби ўнлаб кўзбўямачилик ҳолатлари ҳақида Озодликка хабарлар келган.