АҚШ элчиси Салливан: Навальнийнинг заҳарланиши ва қамоққа олиниши Россиянинг ички масаласи эмас

АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан

АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг фалаж қилувчи токсин билан заҳарланиши ва унинг яқинда ҳибсга олиниши муносабати билан бўлиб ўтган норозилик акциялари фақатгина Россиянинг ички масаласи дейилган Москва баёнотини инкор қилди. 16 февралда Москвадан “Current Time”га берган интервьюсида Салливан “Қўшма Штатлар Россиядаги ички низоларни қўзғашдан ёки норозиликларни рағбатлантиришдан манфаатдор эмас”, деди. Шунингдек, элчи Россиядаги оммавий ахборот воситаларига, шу жумладан Озодлик радиосига ҳам мамлакатнинг баҳсларга сабаб бўлувчи “хорижий агент” қонуни асосида қилинган ҳужумларни танқид қилиб, Қўшма Штатлар “муносиб” жавобни кўриб чиқаётганини айтиб ўтди.

2 февралда Москва суди томонидан 44 ёшли Навальний, у ва унинг тарафдорлари Россия президенти Владимир Путин буйруғи билан бўлган деб ҳисоблашаётган фалаж қилувчи токсин билан заҳарланиб, Германияда даволанаётган вақтида шартли равишдаги ҳукм шартларини бузганликда айбдор деб топилди. Кремль заҳарланишга оид ҳар қандай алоқадорликни рад этди. Навальнийга берилган шартли қамоқ жазоси, у сиёсий асосга эга деб таърифлаган пулларни ўзлаштириш иши билан боғлиқ эди. Суд бу ҳукмни 3,5 йиллик қамоқ жазосига ўзгартирди. Суднинг таъкидлашича, қамоқда ўтказилган вақтни ҳисобга олган ҳолда, Кремль танқидчиси икки йилу саккиз ой муддатни панжара ортида ўтказишига тўғри келади.

Суд қарори халқаро миқёсда қораланишга ва хавфсизлик кучлари томонидан шафқатсизларча тарқатиб юборилган Россия бўйлаб норозиликларга сабаб бўлди. Россиянинг 100 дан ортиқ шаҳарларида 23 ва 31 январь кунлари бўлиб ўтган намойишлар вақтида 10 мингдан ортиқ одам полиция томонидан ҳибсга олинган. Пандемия давомида санитария ва эпидемиологик хавфсизлик чораларини бузгани учун Навальнийнинг кўплаб сиёсий ёрдамчилари ва иттифоқчилари ҳибсга олинган, жаримага тортилган ёки уй қамоғида ушлаб турилган. Москва мухолифат сиёсатчининг қамоққа олиниши ва унинг тарафдорларига нисбатан репрессияларга қарши Ғарб танқидини Россия ички ишларига чет элнинг аралашуви деб атаб, қаршилик кўрсатишда давом этмоқда.