Москва суди Навальнийнинг колонияга юборилишини қонуний деб топди

Москва шаҳар суди шанба кунги сайёр маҳкамада мухолифат лидери Алексей Навальнийнинг колонияга юбориш тўғрисидаги аввалги суд қарорини қонуний деб топди.

Шу билан бирга, суд жазони бироз қисқартирди. Мухолифатчи учун охирги муддат 2 йил 6 ой ва икки ҳафта бўлади, дея тушунтирди унинг адвокатлари.

Бугунги йиғилиш пайтида прокурор Навальнийнинг 2014 йил 30 декабрдан 2015 йил 17 февралгача бўлган муддатида уй қамоғида бўлишини жазо муддатига қўшиб беришни илтимос қилди ва суд ушбу талабни қондирди.

Бу эса Навальний жазо муддати 2023 йилнинг ёзида тугашини англатади.

17 январда Германиядан даволаниб Москвага қайтиши биланоқ қўлга олинган Алексей Навальний “Матросская тишина” қамоқхонасида сақланаётган эди.

Маҳкама жараёни арафасида Россия бўйлаб Навальнийни озод этиш талаблари билан оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

31 январь кунги намойишларда 5 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Навальнийни озод қилишга чақирган ва уни озод этиш талаби билан кўчаларга чиққан намойишчиларга қарши номутаносиб куч ишлатилишини қоралаган. Вашингтон ва Брюссель Россияга қарши жазо чораларини муҳокама қилмоқда.

Аввалроқ Навальний маҳкамада сўнги сўзини ирод қилган ва унда яна бир бор ўзининг ўтган йил августида заҳарланиши учун Путин масъул эканини таъкидлаган. У Путин тарихга заҳарловчи сифатида киради, деб айтган.