Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси Қора-қамиш даҳасидаги мактабда директор рўмол ўраган қизларни мактабга киргизмаётгани ҳақида ижтимоий тармоқда тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Бошқарманинг билдиришича, мазкур ҳолат Олмазор туман халқ таълими бўлими ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган.
"Ижтимоий тармоқлар орқали расми кўрсатилган вояга етмаган қиз мактабнинг 3-синфи ўқувчиси бўлиб, жорий ўқув йилида пандемия сабабли ўқувчининг ота-онаси талаби билан ўқувчи III-чоракка қадар масофавий шаклда таълим олган.
2021 йил 18 январь куни ўқув йилининг III-чорак бошида ўқувчи қизнинг онаси мактабга келиб қизи ҳижобга кирганлигини, дарсларда ҳижобда ўтиришига мактаб маъмуриятидан рухсат беришини сўраган. Акс ҳолда у вояга етмаган фарзандини дарсга юбормаслигини айтган.
Мактаб маъмурияти томонидан ўқувчининг онасига, ҳар бир мактаб ўзининг тасдиқланган ички тартиб-қоидалар тўғрисидаги Низомга амал қилган ҳолда муассасанинг фаолиятини ташкил этиши ҳақида тушунтирилган", - дейилади бошқарма баёнотида.
Мактаб биносидан ташқарисида эса вояга етмаган қизларнинг рўмол ўраб юришига мактаб маъмуриятининг ҳеч қандай эътирози йўқлиги маълум қилинган.
“Она мазкур жавобга қониқмасдан, агар қизим ҳижобда келишига рухсат берилмаса унинг отаси ўзини осиб қўяди, деган таҳдид билан мактабдан фарзандини олиб чиқиб кетган”, дейилади бошқарма хабарида.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли Қарорига кўра, мамлакат аҳолиси турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин конфессиялари ҳамда субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмаслиги ҳақида айтилган.