Тошкентда 8 март - Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўз олган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев охирги 3 ойда "аёллар дафтари"га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилганини айтди.
Мирзиёевга кўра, улардан 32 минг нафари иш билан таъминланган.
"Биргина ‘Ҳар бир оила – тадбиркор’ дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди.
Қарийб 55 минг нафар хотин-қиз тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди. ‘Беш муҳим ташаббус’ доирасида чекка-чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар аёл бандлиги таъминланди.
Уй-жой сотиб олиш учун 1 минг 250 нафар опа-сингилларимизга қарийб 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди", - деди Мирзиёев.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилган.
Айни пайтда маҳкамада 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилган.
Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Аёллар байрами арафасида қамоқларда жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёлни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.