Беларус ҳукумати мамлакатдаги энг таниқли инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири бўлмиш «Весна» марказига қарши жиноят ишини қўзғатиб, унинг бир нечта аъзосини ҳибсга олди.
Ташкилотнинг 5 март куни маълум қилишича, Беларус Тергов қўмитаси марказни рухсат берилмаган оммавий норозилик намойишларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишда ҳамда жамоат тартибини бузишда айбламоқда.
Ташкилотга кўра, унинг тўрт аъзоси ҳибсга олинган.
Беларусда ўтган йил 9 августидаги президент сайлови ортидан мамлакат Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилганидан кейин оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетган.
Бир неча ойдан бери тинчимаётган намойишлар расмий Минск томонидан шафқатсиз бостирилмоқда. «Весна» Беларус хавфсизлик кучлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, жумладан, қийноқлар ва ҳибсга олишлар ҳақида маълумот бериб келаётган саноқли мустақил ташкилотларнинг биридир.