Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари Тошкентда икки давлат орасидаги бахсли бўлиб келаётган чегара масалаларини "уч ой ичида ҳал қилиш"га келишиб олган.
Ўзбекистон Қирғизистон томонига чегара олди туманлари аҳолиси муносабатларида зиддиятларга сабаб бўлиб келган Унқур-тоғ ҳудудини беришга тайёрлигини билдирган.
Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот-котиби Галина Байтерек Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунларига оид баёнотида маълум қилди.
"Қирғизистон томони Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудида жойлашган Сўх анклавига транспорт ва авиа-қатновларни очишга тайёр. Анклав аҳолиси давлат чегараси орқали эркин ҳаракатланишлари мумкин. Ўз навбатида Ўзбекистон томони Қирғизистонга, шу вақтга қадар чегара олдида яшовчи аҳоли ўртасида баҳс ва сиёсий зиддиятларга сабаб бўлиб келган Унқур тоғ ҳудудини беришга тайёр", - дейилади Қирғизистон президенти матбуот котиби баёнотида.
Галина Байтерекнинг қўшимча қилишича, қирғиз-ўзбек давлат чегараси делимитация ва демаркация масалаларида иккала томон ҳам ушбу ишни яқин уч ой ичида якунлаш лозим деган фикрга келганлар.
Қирғизистон янги президентининг Ўзбекистонга икки кунлик амалий ташрифи 12 март куни ниҳоясига етади.
Ташриф якунига оид брифингда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қирғиз ҳамкасби Садир Жапаров билан ҳар бир чегара масаласи бўйича чегараларни "жуда қаттиқ ва аниқ келишиб олишган"ини билдирганди.