Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқ ҳокимларни сайлолмайди, бунга тайёр эмас, деб айтди.
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида қилган чиқишида Мирзиёев жумладан бундай деди:
"Битта маҳалла раисини адолатли сайлай олмаймиз-ку. Гуруҳларга бўлиниб олиб, ўз яқинларимиз ёки танишларимизни сайлаймиз.
Жамият тайёр бўлмаган муҳитга бундай сайловларни қўйиш хиёнат эмасми? Мен ҳам ҳокимлар сайланишини жуда ҳам хоҳлайман. Аммо кимни сайлаймиз? Лекин мен ишонаман, вақт келиб, албатта, ҳокимларни ҳам сайлаш жараёнига ҳам етиб келамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳокимларни сайлаш таклифи илк бор 2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўртага ташланган эди.
Ўзбекистон раҳбари бундан олдин ҳам бу мавзуга бир неча бор тўхталган. Президент ҳокимлар ўзининг жойлардаги вакили эканини ҳам бир неча бор таъкидлаган.
Мавжуд амалиётга мувофиқ эса, Ўзбекистонда бўлажак ҳокимлар аввалига тегишли халқ депутатлари кенгаши тасдиғидан ўтади.
Номзоди тасдиқлангандан сўнг, мамлакат президенти томонидан ҳокимликка тайинланади.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда "нега халқ президентни сайлай оладию ҳокимларни сайлай олмайди", деган фикрлар айтилмоқда.