АҚШда Россия ва Шимолий Македония фуқаролари дунё бўйлаб 568 миллион доллар ўғирланган халқаро кибержиноятдаги роллари учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда 19 март куни АҚШ Адлия департаменти маълум қилди.
Россиялик 33 ёшли Сергей Медведев ва шимолий македониялик 31 ёшли Марко Леопард мос равишда 10 йил ва 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Аввалроқ уларнинг иккиси ҳам айбини тан олган эди.
Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, Медведев Infraud жиноий онлайн бозорига асос солган. У 2018 йилда Таиландда ҳибсга олинган.
Леопард Infraud аъзоларига веб хостинг хизматини кўрсатган ва уларга ноқонуний моллар ва хизматларни сотишда ёрдам берган.
Онлайн бозор 2018 йилда ёпилгунига қадар унда сохта ҳужжатлар, ўғирланган банк ҳисоблари, кредит карта маълумотлари ва шахсий маълумотлар сотилган.