Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ўтган йилга нисбатан 37,4 фоизга ёки 9,2 млрд. долларга ошган ва жорий йил бошида 33,8 млрд. долларни ташкил қилди.
Бу ҳақда Марказий банки маълумот берди.
"2020 йилда давлат ташқи қарзининг соф ўсиши, курслар ва нархлар ўзгаришини инобатга олганда, 5,5 млрд. долларни ташкил қилди. Бу ўсиш асосан янги қарздорликларнинг жалб қилиниши ва давлат қимматли қоғозларининг чиқарилиши билан изоҳланади. Хусусий қарздорлик 3,7 млрд. долларга ошиб, асосан банклар ҳиссасига тўғри келади", - дейилади банк билдирувида.
Америкада жойлашган S&P Global Ratings халқаро рейтинг компанияси ўтган йил ёзида Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи қарзлари кутилганидан юқори даражада ортиб бораётганини маълум қилган эди.
Компания Ўзбекистоннинг кредит рейтинги кутилмасини "барқарор"дан "салбий"га ўзгартирган эди.
S&P Global Ratings буни Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус пандемиясига боғлиқ сарф-харажатлар важи асосида ташқи ва фискал қарзларни кўпайтириб юборгани ва қарз олиш суръати, камида, келгуси 12 ой мобайнида ортиб бориши билан изоҳлаганди.