АҚШ конгрессменлари Беларус ҳукуматини қамоқдаги блогерни озод қилишга чақирди

АҚШ Конгрессининг бир гуруҳ қонунчиси Беларусда таниқли блогер, Озодлик радиосида янги медиа технологиялари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган Игорь Лосик "адолатсиз ва ноқонуний ҳибсга олинганини" қоралади ва ҳукумати зудлик билан уни озодликка чиқаришга чақирди.

26 март куни Лосикка йўлланган мактубда АҚШ конгрессменлари Лосик, унинг оиласи ва мамлакатдаги демократия учун курашаётган бошқа барча Белорусга бирдамлик изҳор қилдилар.

Лосик 2020 йилнинг 25 июнида ҳибсга олинган. У ўзининг машҳур Telegram канали орқали ўша йилнинг 9 август кунига белгиланган президент сайловлари олдидан "жамоат тартибини бузишга" ҳамда "оммавий тартибсизликларда иштирок этишга" чорлаганликда айбланмоқда.

Мунозарали сайлов ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди ва ҳануз давом этмоқда. Авторитар президент Александр Лукашенко ҳукумати журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларига тазйиқни кучайтириб, қарийб 30 минг намойишчини ҳибсга олди.

Лосик Беларус қамоқларидаги 300 га яқин сиёсий маҳбуснинг биридир. Агар блогер унга 2020 йилнинг декабрида қўйилган айбловлар бўйича айбдор деб топилса, саккиз йилга қамалиши мумкин.