Танлов ташкилотчиси бўлмиш Европа телерадиоэшиттиришлар иттифоқи баёнотига кўра, Беларус давлат телерадиокомпанияси тақдим этган иккинчи қўшиқ ҳам бетараф бўлмаган.
Galasy ZMesta гуруҳи тақдим этган биринчи қўшиқ жорий ойнинг бошида рад этилганди. "Мен сизга ўргатаман" деб номланган ушбу қўшиқ матнида "Мен сизга куйга қандай рақсга тушишни ўргатаман" каби жумлалар бўлган.
Ушбу ашула авторитар президент Александр Лукашенкога қарши оммавий норозилик ҳаракатини мазах қилгани айтилмоқда.
Европа телерадиоэшиттиришлар иттифоқининг 26 март куни эълон қилган баёнотда "афсуски, Беларус май ойида 65-Евронигоҳ қўшиқ танловида қатнашмайди", дейилади.
Иттифоқ Беларус тақдим этган иккинчи қўшиқ ҳақида батафсил маълумот бермади.