Ўзбекистон Қозоғистондан гўшт маҳсулотларини олиб кириш бўйича вақтинчалик чекловларни бекор қилган.
Бу ҳақда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
"Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Қозоғистон Республикасидан тирик паррандаларни (шу жумладан, декоратив қушлар) инкубационтухум, патлар, парранда гўшти, тухум ва бошқа турдаги паррандачилик маҳсулотлари, шунингдек қушларни сақлаш, сўйиш ва кесиш учун ишлатилган ускуналарни олиб кириш ва транзит қилиш бўйича илгари киритилган вақтинчалик чекловларни олиб ташлади", - дейилган хабарда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Қозоғистондан тирик ҳайвонлар, хом гўшт ва ундан олинадиган маҳсулотлар, сут ва сут маҳсулотларини (ишлов берилмаган) олиб кириш ва транзит қилишга чекловларни ҳам бекор қилди.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган йил сентябр ойида куйдирги касаллиги аниқланганлиги сабабли Қозоғистоннинг сут ва гўшт маҳсулотларини олиб киришга чекловлар киритганди.