Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳри ва вилоятида Гулнора Каримовага тегишли бир неча объектлар сотувга қўйилганини маълум қилди.
Сотувга қўйилган объектлардан бири Бўстонлиқдаги "Сижжак" дам олиш оромгоҳидир.
Мажмуада меҳмонхона, бир нечта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа иншоотлар мавжуд.
Умумий ер майдони бино ва иншоотлари билан биргаликда 5,38 гектарни ташкил этади.
Мазкур оромгоҳ 2017 йилнинг 10 февралида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди ажрими билан Гулнора Каримовадан мусодара қилинганидан сўнг 2019 йилда Ўзбекистон триатлон федерациясига текин фойдаланишга берилганди.
Триатлон федерацияси раиси, Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти эса президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровдир.
Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли “Пойтахт” бизнес мажмуаси, “Ичан қалъа” меҳмонхонаси, “Белдирсой” оромгоҳи ҳам сотувга қўйилган.