Twitter ширкати Россия расмийлари тақиқланган контент деб атаётган постларни ўчирмагани учун Россия суди платформани қарийб 117 минг доллар миқдорида жаримага тортди.
Сўнгги ойларда Кремль АҚШ ижтимоий медиа компанияларига босимни кучайтирмоқда. Айни дамда Facebook ва YouTube сайтларига қарши жиноят ишлари кўриб чиқилмоқда.
Қўзғатилган ишларнинг барчаси январь ойида ушбу платформаларда эълон қилинган контентга тегишлидир. Ўшанда бу платформалар ёрдамида россияликлар Кремль танқидчиси Алексей Навальний ҳибсга олинганига қарши норозилик билдиришга чақирилган эди.
Роскомнадзор ушбу постларни "ўсмирларни ноқонуний ҳаракатлар" ёки "расмий рухсат берилмаган оммавий тадбирларда" иштирок этишга ундаш деб таърифлаган.
Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд "Ив Роше" иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган.
Натижада Навальний тарафдорлари Россиянинг 100 дан зиёд шаҳарида намойишга чиқди. Акцияларда ўн минглаб одам иштирок этди, камида 5 минг киши ҳибсга олинди.