"Тиббий ёрдам йўқ": Навальний қисмати Россия қамоқхоналаридаги аҳволни ўртага чиқарди

Россия ва жаҳон эътибори Владимир вилоятининг Покров шаҳрида 2-сонли қамоқхонада сақланаётган мухолифатчи Алексей Навальний тақдирига қаратилган.

Узоқ йиллардан бери фаоллар, ҳуқуқшунослар ва собиқ маҳбуслар Россия қамоқхоналарида ва тергов изоляторларида тиббий хизмат аянчи аҳволда экани ҳақида бонг уриб келади. Уларнинг сўзларига кўра, кўп ҳолатларда гумонланувчиларга босим ўтказиш, маҳбусларни қилмаган жиноятига иқрор бўлишга мажбурлаш ёки жазо чораси ўлароқ уларга тиббий ёрдам кўрсатилмайди.

"Умуман тиббий ёрдам масаласига тўхталадиган бўлсак, кўп ҳолатларда қамоқхонада фақат фельдшер бор ва мутахассислар қачон ташриф буюриши тўғрисида аниқ жадвал йўқ", - дейди "Обшчественний вердикт" нодавлат ҳуқуқий ёрдам ташкилотининг тадқиқотлари бўйича директори Асмик Новикова.

"Бу, албатта, ўта жиддий муаммо".

Айни дамда бутун Россия ва жаҳон эътибори Владимир вилоятининг Покров шаҳрида 2-сонли қамоқхонада сақланаётган мухолифатчи Алексей Навальний тақдирига қаратилган.

Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қамоққа ташланганди.

2 февраль куни Россия суди мухолифатчига нисбатан аввалроқ чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирди ва уни 2,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Навальний ва унинг адвокатлари қамоқда унинг соғлиғига футур етказиш учун "қасддан кампания" олиб борилаётганини даъво қилишмоқда.

Навальний умуртқалараро диск чуррасидан азият чекаётгани ва қўл-оёқларида сезгирликни йўқотаётганини айтиб келади. Унинг адвокатлари сўзларига кўра, мухолифатчи ўтган йилнинг август ойида заҳарланганидан бери ҳали тўлиқ тузалиб кетгани йўқ.

Навальний қамоққа олинганидан бери 13 килограмм вазн йўқотган. Мухолифатчи соғлиғи ёмонлашгани муносабати билан олдига ўз врачи киритилишини талаб қилиб очлик эълон қилган.

Бундан ташқари, Навальний ўз бўлмасидаги камида учта маҳбус сил касаллигига чалинганини айтган. Мухолифатчининг ўзи 5 апрель куни нафас йўллари касалликлари аломатлари билан қамоқхона касалхонасига кўчирилган эди.

Қамоқхона маъмурлари Навальний соғлиғи кузатилаётганини айтиб, унинг аҳволини "қониқарли" деб баҳолади.

Новикованинг сўзларига кўра, Навальний сақланаётган қамоқхонада ҳақиқий вазият қандай эканини аниқлашнинг иложи йўқ, чунки «қамоқхоналарда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақидаги барча маълумотлар Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) томонидан монополлаштирилган».

"Аммо мен билганларим шуни кўрсатадики, у ерда тиббий ёрдам деярли йўқ".

24 йил Россия қамоқхоналарида ўтирган ва ҳозирда Маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармасида ишлаётган Олег Дубровкин Навальний ҳикояси маҳбуслар ҳуқуқлари ҳимоячилари учун жуда яхши таниш эканини айтди.

Дубровкиннинг айтишича, қамоқхона тизимида тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича қатъий қоидалар мавжуд, аммо улар тартибсиз қўлланилади.

"Навальний сақланаётган муассасада уларга амал қилинадими ёки йўқми, билмайман", - деди у Озодликка берган интервьюсида.

"Мен учун барча маҳбус бир, хоҳ у Навальний бўлсин, хоҳ оддий Петров бўлсин. Бу муҳим эмас".

26 март куни Навальнийнинг соғлиғига оид шикоятлар тобора куч олар экан, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу шикоятларни рад этиб, шундай деди:

"Жазони ижро этиш федерал хизматидаги бирон-бир тизимли муаммо ҳақида бизга маълум эмас".