АҚШ элчиси: Байден ва Путин Навальнийнинг заҳарланишини муҳокама қилди

Жо Байден  ва Владимир Путин.

АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путин билан телефон мулоқотида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга қилинган суиқасдни тилга олган. Бу ҳақда АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан 16 апрелдаги баёнотида маълум қилди.

Давлат раҳбарларининг суҳбати бир неча кун олдин бўлиб ўтган эди. Оқ уй ва Кремлнинг расмий хабарларида мулоқотда Навальний муҳокама қилингани ҳақида лом-мим дейилмаган.

Вашингтон мухолифатчини заҳарлашдаги эҳтимолий иштироки учун Россияга қарши санкцияларни кучайтириши кутилмоқда.

Элчи ўз баёнотида Навальний ҳақидаги суҳбат тафсилотларига тўхталмаган. Фақат президент Байден Россиянинг ёмон ният кўзланган хатти-ҳаракатлари, жумладан Навальнийни кимёвий қурол билан заҳарлашидан жиддий ташвишда эканини билдирган.

Шунингдек, баёнотда Вашингтон томонидан яқинда Россияга қарши янги санкциялар жорий этилишига сабаб бўлган бошқа муаммоли масалалар ҳам тилга олинган.

Байден Россия президенти Путин билан 13 апрель куни суҳбатлашди. Кремль хабарига кўра, суҳбат Америка тарафи ташаббуси билан бўлган.

Байден эса кейинроқ махсус мурожаатномасида Путин билан “очиқча гаплашгани” ва, Россия Америка демократиясига дахл қилишда давом этса, янада қатъий чоралар кўришга тайёрлиги ҳақида уни огоҳлантирганини айтганди.

АҚШ кеча Россияга қарши жорий қилган санкциялар сирасига Навальнийга суиқасд қилганлик учун жазо чоралари киритилмаган. Аммо жанговар кимёвий моддаларни қўллаганлик учун жазо чоралари аввал эълон қилинган санкциялар тўпламида қайд этилган.

Америка қонунчилигига кўра, президент ёз фасли бошларида Москвага қарши санкцияларни кенгайтиришга мажбур. Агарда Москва мухолифатчига нисбатан кимёвий қурол қўлланилгани фактини тан олмаса ва вазиятни назорат қилиш учун халқаро инспекторларнинг келишига изн бермаса, чекловлар муқаррар кучайтирилади.

Аммо Россия ҳукумати “Новичок” моддаси қўлланилгани тугул, ушбу заҳарнинг мавжудлигини ҳам инкор этиб келади.