Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Тошкентдаги мактабда ЛГБТга қарши кураш сифатида ўқувчиларнинг калта пайпоқ кийган-киймагани текширилгани холатини ўрганаётганини маълум қилди.
Вазирликка кўра, мактаб ўқувчилари пайпоғининг узунлигини текшириш ҳолати Тошкентдаги фақат битта мактабда - Миробод туманидаги 110-мактабда бўлиб ўтганлиги аниқланган.
Халқ таълими вазирлигининг баёнотига кўра ҳозирда ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Вазирлик мактабларга болаларнинг пайпоғи узун-калтагинини текширишга ҳеч қандай топшириқ бермаганини айтмоқда.
Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова Telegram’даги каналида ўғли ўқийдиган Тошкентдаги мактабда дарс пайти ўқувчи болаларнинг оёқ кийимлари ечтирилиб, пайпоғи калта-узунлиги текширилгани, калта пайпоқли ўқувчиларнинг оёқларини эса суратга олишгани ҳақда маълум қилганди.
Соатованинг қайд этишича, бу ҳолат болаларга ЛГБТга қарши кураш, деб тушунтирилган.
У мактабларга дарс ўрнига ЛГБТ мавзусини ортиқча эслатадиган маърузалар кириб борганини ҳам қоралаган.
"Дарс ўрнига ЛГБТ мавзусини ортиқча эслатадиган маърузалар кириб бордими мактабларга? Абсурд даражага олиб чиқяпсизлар-ку антитарғиботни. Мавзуни ёпинглар энди, ҳеч бўлмаса, мактабларда! Мен буни ҳам ЛГБТ тарғиботи деб баҳолайман, қора пиар ҳам пиар, ахир", — деб таъкидлаган Шаҳноза Соатова.
Калта пайпоқ бесоқолбозлик белгисими?
Ўтган йил август ойида "Ўзбекистон" телеканали орқали эфирга узатилган Қуддус Аъзамовнинг "Муносабат" кўрсатувида унинг қатнашчилари ўзбек жамиятида ёшларнинг кийинишини кескин қоралашган.
Мавзуга алоқадор Ўзбек “эксперт”лари калта пайпоқни фақат гейлар кияди деб ҳисоблайди (ВИДЕО)Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Мансур Мусаев Европада калта пайпоқ ёки йиртиқ шим ноанъанавий жинсий ориентация вакилларининг рамзи эканини айтган.
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ҳам кийим масаласида ўз муносабатини билдириб, шими йиртиқ, оёғида пайпоқсиз туфли киядиганлардан жирканишига ишора қилганди.
Мазаҳ ва хавотир
Ўзбекистон мактабларида ЛГБТга қарши кураш сифатида ўқувчиларнинг пайпоғи текширилгани ижтимоий тармоқларда мазаҳ ва хавотир билан қаршиланди.
Facebook фойдаланувчиси Дилноза Тўраева курьер хизматчилари номидан: "Буюртмангизни узун пайпоқ кийган курьер олиб боришини кафолатлаймиз", дея ҳажв қилди.
Баҳодир исмли фойдаланувчи эса: "Қачондан бери ёзда кийиладиган, оёққа қулай калта пайпоқ гейларни рамзи бўлиб қолди? Аҳмоқгарчилик ҳам эви билан", - дея фирк билдирди.
Ўзбекистонда ишловчи поляк журналисти Агнежка Пикулицка Твиттер орқали: "Тошкентдаги мактаб ЛГБТга қарши калта пайпоқли болаларни қидириш билан курашмоқда. Бир неча ой олдин бир гуруҳ "мутахассислар" бундай пайпоқларни гейларнинг хавфли белгиси деб қарор қилишди. Тасаввур қиляпсизми аҳир булар янги авлодни тарбиялашга масъул одамларку", деб ёзди.
Ўтган ой оҳирида Тошкент марказида бир гуруҳ фаоллар гей дея калтакланганди.
Мавзуга алоқадор “Булар гейми, йўқми?” Калтакланган блогерни кўргани борган фаоллар ИИБда сўроқ қилинди
Ҳукуматни танқид қилган ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи чиқишлари билан танилган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси ва блогер Миразиз Бозоровга 28 март куни қора ниқобли одамлар ҳужум қилган, оқибатда у оғир тан жароҳати билан касалхонага ётқизилганди.
Шу куни ижтимоий тармоқларда "Аллоҳу Акбар" деб ҳайқираётган ўнлаб одам Амир Темур ҳиёбонига йиғилган баъзи одамларни шафқатсизларча калтаклагани акс этган видеолар тарқалди.
Бу ҳодиса Ўзбекистон Жиноят кодексидан гомосексуализмга оид моддани чиқариб ташлашга чақириқлар манзарасида юз берди.
Шу йил 22 февралда муҳокамага қўйилган янги Жиноят кодекси лойиҳаси 154- моддасида эски таҳрирда 120-модда сифатида билинган гомосексуализм учун жиноий жазо ўзгармаган ҳолда сақланиб қолган.