Ўзбекистонда 18 апрелдан карантин талаблари кучайтирилади

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони ошиб бораётгани сабабли 18 апрелдан бошлаб мамлакат бўйлаб карантин қоидалари кучайтирилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тошкентда ўтказилган Республика махсус комиссияси йиғилишида маълум қилди.

Янги талабларга кўра, жамоат жойларида одамларнинг ниқоб тақиши ва ижтимоий масофани сақлаши бўйича назорат кучайтирилади ва қоидабузарлар жазоланади.

Коронавирус аниқланган ҳар бир мактабгача таълим, умумтаълим муассасалари, коллеж, лицей ва олий ўқув юртлари ўз фаолиятини икки ҳафтага тўхтатиши ва ўқишни онлайн режимида амалга ошириши керак бўлади.

Тўй ва бошқа маросимларда 100 кишидан ортиқ бўлмаслик, ифторлик маросимларини фақат оила даврасида ўтказиш, масжидларда жамоат намозлари, хусусан Рамазон ойи муносабати билан таровиҳ намозларини масжидларнинг очиқ ҳаводаги майдонларида тиббий ниқобда бўлиш ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда ташкил этиш талаб этилади.

Кафе ва бошқа умумий овқатланиш объектларида уларнинг сиғимини 50 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳолатда фаолият юритиши лозим, лекин максимал сони 100 кишидан ортиши керак эмас.

1 майдан бошлаб концерт томоша дастурларини ёпиқ маданият саройларида ўтказиш тўхтатилади.