Ўзбек имомлари чет эл телесериалларини тақиқлашни талаб қилиб чиқишди

Ўзбекистонлик бир гуруҳ имомлар "менталитетга тўғри келмайдиган сериал ва филмлар"ни эфирга узатмасликни таклиф қилди.

Масжид имомлари оилаларда ажрашишларнинг олдини олиш масаласи юзасидан ўтказилган учрашувда шундай талаб билан чиқишган.

Учрашувда ажрашишларга қарши чора сифатида оила қуриш арафасидаги ёшларни имомлар томонидан 3 ойлик курсларда ўқитиш ва оила тушунчасини мактабдан бошлаб алоҳида дарс сифатида ўқитиш каби таклифлар ҳам айтилган.

16 апрель куни жума намозларида ҳам имомлар тарафидан бундай талаблар янграган.

Ўзбекистонда хориж сериалларини тақиқлаш биринчи марта таклиф этилаётгани йўқ.

Икки йил аввал тошкентлик имом Раҳматуллоҳ Сайфутдинов турк сериалларининг "миллат генофондига ёмон таъсири" ҳақида гапирганди.

“Турк сериалларидаги чиройли йигитларни тасаввур қиляпти аёллар, қизлар. “Туш кўрибман, тушимда фалончи актёрни кўрибман”, деган гаплар ижтимоий тармоққа киринг¸ тўлиб ётибди. Эри бор хотин шуларнинг расмини олиб юради, турк сериалларидаги актёрларни расмларини кўтариб юрибди. Тасаввур қилса нима бўлади, ана шундай ҳолатда "ҳаворанг" болалар туғилади, сабаби аёлнинг тасаввурида бошқа эркак бўляпти. У жимо вақти, тўшак вақтида икки киши эмас, уч киши жимо қилаётгандай бўлади. Худди шундай эркаклар ҳам аёллар билан жимо қилаётганда бу нарса лесбиянка деган балоларни келтириб чиқаради”, - деган эди Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Мирза Юсуф" жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов 2018 йилнинг 2 март куни қилган жума ваъзида.

Ўтмишда турк сериалларига тақиқ Ислом Каримов бошқарувининг Туркия билан мураккаб муносабатлари билан тушунтирилган. Туркия билан яқин сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилаётган Мирзиёев маъмуриятининг хорижий, хусусан турк сериаллари борасидаги қарори ортида сиёсий сабаб бор ёки йўқлиги маълум эмас.