Эпидемия пайтида кексалар ва мактаб ўқувчиларига таровиҳ намозларига бормаслик тавсия қилинди

Коронавирусга қарши кураш комиссиясининг 17 апрель куни Тошкентда ўтган йиғилишида масжидлардаги таровиҳ намозларида 65 ёшдан катталар ва мактаб ўқувчиларининг иштирок этмаслиги тавсия қилинди.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев бу чекловларни мамлакатда ‘британча’ штамм қайд этилгани ва бу инфекция болалар учун ҳам хавфли экани билан изоҳлади.

Мажлисга раислик қилган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов масжид ва одамлар кўп тўпланадиган жойларда чекловлар инсонлар соғлиғини ўйлаб амалга оширилаётганини айтди.

"Эътиқодни ҳеч ким тақиқлаб қўя олмайди, бу мумкин эмас. Аммо чеклаш деган нарсани ҳаттоки, кечирасизлар-у, Рим католик черковининг бош идораси ҳам одамларнинг диний маросимларда қатнашишини бекор қилди.

Шунинг учун бошқа диний конфессияларга ҳам бу каби маросимларни ўтказишни чеклаш бўйича топшириқ бериш керак. Бу ҳукумат комиссиясининг қарори", — деди Арипов.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони ортиши ортидан 18 апрелдан карантин талаблари кучайтирилиши, қоидабузарлар қатъий жавобгарликка тортилиши билдирилди.