Президент Садир Жапаров Тожикистон билан чегарадаги қуролли тўқнашув қурбонлари учун 1-2 май кунлари Қирғизистонда миллий мотам эълон қилди.
Мамлакат бўйлаб, шунингдек чет элдаги дипломатик ва консуллик муассасалари биноларида Қирғизистоннинг давлат байроқларини туширишга кўрсатма берилди.
Шунингдек, маданий муассасалар ва телерадиокомпаниялар кўнгилочар тадбирлар ва дастурларни бекор қилиш таклиф қилинди.
28-29 апрель кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегараларида қуролли тўқнашув бўлиб, ўнлаб одам ҳалок бўлди ва юзлаб одам яраланди.
Ўнга яқин қишлоққа зарар етди, уйлар ёниб кетди.
20 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди.
Можаро 28 апрелда "Головной" сув тақсимлаш маркази ҳудудида, Боткен вилояти, Кўк-Тош қишлоғи яқинидаги Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара қишлоқлари аҳолиси ўртасида содир бўлди.
29 апрелда вазият кескинлашди ва икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида отишма бўлиб ўтди ва қарийб ярим тунгача давом этди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг хабар беришича, соат 23. 45 да ўт очиш тўхтатилган.
Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, жабрланганлар сони 154 кишини ташкил этади, шулардан 31 киши ўлган.
Тожикистон ҳукумати қурбонлар тўғрисидаги маълумотларни ҳали эълон қилгани йўқ. Озодлик радиоси тожик хизмати журналистлари камида 12 нафар тожикистонлик, шу жумладан 4 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганлигини аниқладилар.