1 май куни тушдан кейин Боткен вилоятида Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тожикистон делегациясига Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Сайимумин Ятимов, Қирғизистон делегациясига эса Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев бошчилик қилди.
Учрашув чоғида томонлар чегарадаги вазиятни ва икки мамлакатнинг чегара ҳудудларида вазиятни нормаллаштириш бўйича келишувларни рўёбга чиқариш масаласини муҳокама қилдилар.
Брифингда махсус хизматлар раҳбарлари журналистларга учрашув натижалари тўғрисида сўзлаб беришди.
"Бугун биз давлатларимиз раҳбарлари ташаббуси билан жуда самарали суҳбат ўтказдик. Чегарадаги ҳудудларда фожиа бўлди, уни ҳеч қачон такрорламаслик керак”, - деди Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Сайимумин Ятимов.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиевнинг таъкидлашича, томонлар тўрт банддан иборат баённома қабул қилишган.
“Бугун Қирғизистон ва Тожикистон халқлари жуда оғир кунларни бошдан кечирмоқдалар - икки мамлакат ўртасида фожиа юз берди. Қийинчиликка қарамай ушбу тадбирни ўтказдик. Натижада, ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва чегара яқинида жойлашган қўшинларни доимий жойлашиш жойларига олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қолаверса, бугундан бошлаб, Худо хоҳласа, мамлакатларимизда, айниқса чегараолди ҳудудларида тўлиқ сукунат, тинчлик ва осойишталик бўлади", - деди Ташиев.
Аммо, Боткендаги қирғиз ва тожик делегациялари учрашувининг тўлиқ протоколи жамоатчиликка очиқланмади.
Эслатиб ўтамиз, 28-29 апрел кунлари тожик-қирғиз чегарасида тўқнашувлар бўлиб, натижада иккала томондан бир неча ўнлаб одам ҳалок бўлди ва жароҳат олди.
Мамлакатлар ва минтақалар чегара билан боғлиқ вазиятни музокаралар йўли билан ҳал қилишга чақирдилар.