Чирчиқдаги “Водий саркор дизайн” ширкати раҳбари Меҳнат Кодексининг 154-161 моддалари бузилганлиги учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми асосида жаримага тортилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати расмий маълумотида раҳбар қанча миқдорда жаримага тортилгани аниқ айтилган эмас.
“Тошкент вилояти Пскент туманида жойлашган “Водий саркор дизайн” МЧЖ раҳбари Хусанов Зиёдулла Сурҳондарё ва Фарғоналик фуқароларни, Чирчиқ шаҳар 1-кичик нохия ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишларига жалб қилгани ва уларнинг ишлаган даврлари учун ойлик иш хаққини ўз вақтида бермаганлиги норозиликка сабаб бўлган”, -дейилади расмий хабарда (Иқтибос Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати матбуотга тақдим этган матндан сўзма-сўз кўчирилган - муҳаррир).
Вазирликнинг билдиришича, Чирчиқ шаҳар ҳокимияти ва Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори аралашуви билан ишчиларнинг ишлаган даври учун 280 миллион сўм иш хаққи тўлаб берилди ва “Водий саркор дизайн”га маошларнинг қолган қисмини 18 майгача тўлаш мажбурияти юклатилди.
Озодлик радиоси чирчиқлик ўнлаб ишчилар иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганига норозилик билдириб шаҳар ҳокимияти биноси олдига йиғилгани тўғрисидаги видеолар 11 май куни ижтимоий тармоқларда кенг равишда тарқатилгани тўғрисида аввалроқ хабар берган эди.