Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон “мўмин-мусулмонлари ва бутун халқини ер юзидаги ислом уммати томонидан кенг нишонланаётган улуғ ва муборак айём – Рамазон ҳайити билан” муборакбод этди.
Ўтган вақт ичида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилганини таъкидлаган президент кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бораётган бу каби амалий ишлар “янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатда Учинчи ренессанс пойдеворини яратиш, Ватан равнақи, халқ фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадларга уйғун ва ҳамоҳанг” эканига эътибор қаратган.
Ўз табригида Мирзиёев ўзбек маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур” деган сўзлари бугун ҳам долзарблигини урғулаб, “диний қадриятларимизни, миллий ўзлигимизни улуғлаб яшаш билан бирга, давр талаби бўлган замонавий илм-фан ютуқлари, ахборот технологияларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратишимиз, ёш авлодимизни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашимиз керак”, дея қайд этган.