Россияда "Озод Европа/Озодлик радиоси" банк ҳисоблари музлатиб қўйилди

14 май куни Москва шаҳар суди ижрочилари бош бошқармаси вакиллари Озодлик радиоси рус хизмати – Озод Европа/Озодлик радиосининг Москва бюросига қарши суд қарорларини ижро этиш ишлари бошлаганини маълум қилди.

Россия суди Радиога мунозарали «хориж агентлари» қонунига биноан йирик миқдорда жарима солган. Радио бу жарималарни тўлашдан бош тортиб келади.

Суд ижрочиларидан Озод Европа/Озодлик радиосига келиб тушган ҳужжатларга кўра, 10 та суд қарорини ижро этиш жараёни бошланган. Ушбу 10 қарор бўйича РСE/РС икки ой ичида умумий миқдорда 5 миллион рубль жарима тўлаши керак бўлган.

14 май куни суд ижрочилари Озод Европа/Озодлик радиосининг Москвадаги бюросида икки соатга яқин вақт ўтказиб, у ердаги ускуналарни инвентаризация қилишни бошлаган. Улар бюро ишчиларига тўсқинлик қилмаган, ҳеч кимни ҳибсга олмаган.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жалина Портер матбуотга берган интервьюсида РСE/РС банк ҳисоблари музлатиб қўйилганидан хавотир изҳор қилди ва бу чорани Россиянинг мустақил оммавий ахборот воситалари овозини ўчиришга қаратилган навбатдаги чораси деб атади.

Роскомнадзор Озодлик радиосининг Россияда «хориж агентлари» деб топилган саккиз лойиҳаси қонунни бузгани ҳақида йил бошидан бери 520 та баённома тузган.

Россиянинг «хорижий агент» деб номланган қонунчилиги 2012 йилда қабул қилинган ва бир неча бор ўзгартирилган. Қонунга биноан, чет элдан ёрдам оладиган ва ҳукумат назарида сиёсий фаолият билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва оммавий ахборот воситалари «хорижий агентлар» деб белгиланиши мумкин.

Ўтган йили Роскомнадзор рўйхатдаги оммавий ахборот воситаларидан барча ёзма материалларни катта ҳажмдаги ёзув билан, барча радио материалларни аудио баёнот билан ва барча видео материалларни 15 сонияли матнли декларация билан белгилашни талаб қилувчи қоидаларни қабул қилди.

РСE/РС «хориж агенти» эканини рад этиб, суд талабларини бажармай келади. Радио Свобода, шунингдек, суд қарорлари устидан шикоят қилган, аммо бугунга қадар рус судлари радионинг 250 дан зиёд аппеляциясини рад этди.

Бугунга қадар Озод Европа/Озодлик радиосига умумий ҳисобда қарийб 70 миллион рубль жарима солинди.

Апрель ойи ўртасида Озодлик ўзининг РСE/РС МЧЖ медиаташкилотига нисбатан тузилган маъмурий баённомалар устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилди.

13 май куни бўлиб ўтган пресс-брифингда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Москва Озодлик радиосига қарши кўраётган чоралар журналистларнинг ҳуқуқларини бузиши ҳақидаги айбловларни рад этди.

Захарова АҚШ расмийларининг бу айбловлари РСE/РС АҚШ ҳукумати тарғиботини тарқатиш билан шуғулланиши исботлашини таъкидлади.

Озодлик президенти Жейми Флай Захарованинг сўзларини рад этиб, медиаташкилот «Кремлнинг ноқулай ҳақиқатларни цензура қилиш уринишларига» қарши курашишда давом этишини айтди.

«Озодлик радиосининг Россиядаги журналистлари ватанпарвар Россия фуқаролари, америкаликлар эмас», - деди у.

13 май куни Россиянинг «ТАСС» давлат ахборот агентлиги Москва суди Озодликка қарши баённомаларнинг 140 тасини тўхтатиб, уларни қайта кўриб чиқиш учун қуйи судга юборганини хабар қилди. Бундай қарор ҳақида Озодликка расман маълумот берилгани йўқ.

Сўнгги йилларда Озодлик радиоси ва Озодликнинг бошқа лойиҳалари Россияда муттасил оммалашмоқда. Озодликнинг мамлакатдаги ҳафталик аудиторияси 7 миллион кишига етган. Рус тилидаги Радио Свобода сайтига 2021 йилнинг ҳар ойида 16 миллиондан ортиқ фойдаланувчи кириши қайд этилган.