14 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳукуматга Қумтор олтин конини вақтинча бошқариш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини имзолади. Конни ишлатиб келаётган Centerra Gold Канада ширкати бу қарорни ширкатни мамлакатдан чиқариб юбориш уриниши деб баҳолади.
Қонунга кўра, агар Қирғизистонда концессия асосида фаолият юритаётган ширкат экологик қоидаларни бузса, маҳаллий атроф-муҳитга ёки одамлар ҳаётига зарар етказса ёки хавф туғдирса, ёинки бошқа бирон бир йирик зарар етказса, ҳукумат уч ой муддатга ушбу ширкат назоратини ўз қўлига олишга ҳақлидир.
Centerra Gold ширкатига қарашли Kumtor Gold Company Қирғизистонда энг йирик солиқ тўловчи ширкатдир. Шунингдек, Kumtor Gold Company собиқ совет республикаларида концессия шартномаси асосида ишлайдиган ягона ширкатдир.
Centerra Gold Қумтор конини 1992 йилдан бери ишлатади. Қирғизистон бу компаниянинг 26% улушига эгалик қилади.
Президент Жапаров 2017 йилнинг мартида 11 ярим йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У 2013 йилнинг октябрида Қорақўл шаҳрида Қумтор олтин конига қарши намойишлар давомида вилоят ҳокимини ўғирлаб кетиб, асир олишда айбдор деб топилган. Ўтган йилги парламент сайловлари ортидан юзага келган тўс-тўполонда Жапаров тарафдорлари уни қамоқдан чиқарган.