Ўзбекистон ва Марказий Осиёда советлар иттифоқи қулаши ортидан бошланган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий модел изланишлари минтақанинг турли давлатларида турлича кўриниш олган ва олмоқда. Бу жараёнларда, хусусан, Ўзбекистонда жадидчилик ҳаракати ва жадидларнинг қарашларига бот-бот мурожаат қилинади.
Ўтган аср бошларида Туркистонда кенг қулоч ёйган бу ҳаракат жамиятнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, Туркистоннинг "тараққийга юз буриши"ни мақсад қилган эди.
АҚШнинг Миннесота штатидаги Carleton College профессори¸ тарихчи олим ва антрополог Адиб Холид Озодликка тақдим этган мақола жадидлар ва уларнинг ислоҳотчилик ҳаракатида марказий ўрин тутган масалалар ҳақида.
Адиб Холид “Ўзбекистон: Миллатнинг туғилиши”¸ “Коммунизмдан кейинги ислом”, "Мусулмон маданий инқилоб сиёсати: Марказий Осиёда жадидчилик" каби китоблар муаллифи.
Огоҳ ўлунг бу кун эй азиз миллатим
То зое ўлмасун сиза қўйғон муҳаббатим.
Фикрим ҳамиша миллатим ишқинда боғлидур
Ранг заъфарону дийдаси қон ушбу суратим.
Ушбу мисралар тошкентлик шоир Таваллонинг (Тўлаган Хўжамёров) 1916 йилда нашр этилган шеърий тўпламидан олинган. Миллат жадидлар ислоҳот дастурининг марказида эди. Миллат ҳаракатларнинг марказий майдони, асосий ташвиш ва меҳр объекти эди. Ислоҳот миллат манфаати учун эди. Миллат эса, ўз навбатида, ватан ғоясига боғланган эди.
Миллат, яъни умумий манфаатлар бирлаштириб турувчи, жамоавий ҳуқуқларга эга ва умумий маданиятга эга бўлган жамоа тушунчаси замонавий дунёда пайдо бўлди ва Марказий Осиёга жадидлар билан кириб келди. Руслар истилосига қадар марказий осиёликлар ўзларини насаб гуруҳлари (қабилалар) аъзоси ёки сулолалар ва уларнинг ҳукмдорлари субъектлари ўлароқ кўрар эдилар. Шунга ўхшаш тарзда ватан ҳам туғилган ер, яъни шаҳар ёки қишлоқ маъносини англатарди, Туркистон каби кенгроқ [тушунчани] эмас.
Мавзуга алоқадор Жадидлар ва Ислом. Тадқиқотчи Адиб Холид "жадидларни жадид қилган нарса" ҳақидаБунга қарамасдан, жадидлар учун миллат ва ватан ўзлик ва бирдамликнинг табиий бирликлари эди. Ҳокимият туркистонликларнинг қўлида бўлмаган Россия империяси шароитида миллат учун ўзини ислоҳ қилиш, ўз ресурсларини ўзини яхшиланиш учун сарфлаш жуда муҳим эди. Бу эса миллат аъзолари учун янги масъулият тушунчаларини ва янги мажбуриятларни туғдирди. Бойлар пулларини тўй каби эгоистик ишларга эмас, балки хайрия жамиятларини барпо этиш, мактаблар, кутубхоналар ва ўқиш залларини молиялаштириш ҳамда эҳтиёжманд талабаларга стипендия бериш орқали миллат фарзандларининг таълимига ҳисса қўшиши керак эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий миллат вазифаларини қуйидагича баён қилди:
Ақчалик оталар, албатта, тўй ва маъракага қизғонмаганларидек, болани ўқутишға ҳам қизғонмасалар керакдур. Болалар учун тарбиятхона (пансиён) очмоқ керак. Ва бу тарбиятхоналар замонча ва ҳам миллий ва диний руҳда бўлиши керакдур. Бу тарбиятхоналарни очмоқ учун ва ҳукумат мактаблариға бола тайёр қилмоқ учун нашри маориф ёинки жамияти хайрия ва ёинки тарбияти атфол жамияти ва ё ўзга исм ила, хулоса, жамиятлар керакдур. Токи бул жамият(лар) халқдан оқча жамлаб миллат болаларини ўқутиш ва миллатни ояндаси учун керак бўлатурғон қози, яъни судья, закунчи, яъни ҳуқуқшунос, инжинер, яъни муҳандис, муаллим, яъни замона мактабдори, миллатни ҳомийси ва ходими, … миллий саноатхоналаримизни ислоҳ ва иҳё этгувчи, яъни техник, тижоратхона ва бонкаларда бизға ёрдам бергувчи, яъни тижорат илмини ўқуғон коммирсант, … биз учун, … дини мубини ислом учун, зауфо учун, фуқаро учун ишлайдурғон одамларни етушдурмоқ керакдур.
Миллатга унинг манфаати учун ишлайдиган одамлар керак эди. Бу эса миллат аъзолари унинг олдидаги масъулиятларини англаган тақдирдагина содир бўлиши мумкин эди.
Таълим олганлар эса уни миллат хизматига бағишлаши керак эди. Бу ғоя Чўлпоннинг 1914 йилда нашр этилган «Доктор Муҳаммадёр» қиссасида учрайди. Муҳаммадёрнинг сартарош отаси Россияда ва мусулмон дунёсида қилган саёҳатлари давомида билим ва таълим аҳамиятини англаб етади. Шунинг учун ўғли янги усул бўйича яхши таълим олишини таъминлайди. Аммо ўғли таълимини тугатишидан олдин отаси ўлдирилади (жамиятда ҳукмрон бўлган жоҳиллик натижасида). Муҳаммадёр суюкли Туркистонни тарк этишга мажбур бўлади, аммо ўзининг қатъияти ва унга стипендия ажратган Боку мусулмонлари ёрдами билан Санкт-Петербургга тиббиёт соҳасида ўқишга боради. Тиришқоқлиги туфайли муваффақиятга эришади ва ўқишни аъло баҳолар билан тамомлайди. Бунинг ортидан у Швейцарияга қўшимча ихтисослашиш учун боради. Пировардида доим ёдида тутган ватанига қайтади. У поликлиника очади (у ерда бойларни тўлов эвазига, камбағалларни эса бепул даволайди), ўқув залини ва хайрия жамиятини ташкил қилади ва газета чоп этишни бошлади. У миллат ходими бўлиб етишади.
Мавзуга алоқадор «Бухоро инқилоби»нинг 100 йиллиги: Бухоро Республикаси бугунги Ўзбекистонга асос бўлган миллий давлат эди!Ким миллатга кирар эди? 1917 йилгача Туркистон жадидлари ўз миллатларини «Туркистон мусулмонлари» деб ҳисоблашган. Ушбу таърифда миллат, ватан ва дин бир-бирига мос келарди. Ватан Туркистон эди ва миллат аъзоларини умумий дин бирлаштириб турарди.
Туркистонга кирмаган Бухородаги жадидлар Бухорони ватан ўлароқ кўра бошлаганди. Абдурауф Фитрат Бухоро ҳақида шундай ёзган эди: «Ватани ман / аҳ, аҳ, че ватан / саҷдагоҳи ҷон у тани ман / ҳам Каъбаи ман, қиблаи ман, ҳам чамани ман». («Менинг ватаним / оҳ, оҳ, қандай ватан / саждагоҳу, жону таним / ҳам Каъбам, ҳам қиблам, ҳам чаманим».) Бухоро халқи фақат амир субъектлари эмас, балки ҳимматли Бухоро миллати эди.
Дин ва миллат бир-бирга чамбарчас боғлиқ эди. Ватандошлар айни пайтда диндошлар ҳам эди. Бир муаллиф 1914 йилда ёзганидек, «Дин миллат, миллат миллият ила қоимдир». Туркистон мусулмонларига ҳам, ҳимматли Бухоро миллатига ҳам таъриф беришда тилга эътибор берилмаганди. Шунинг учун ҳам Беҳбудий туркистонликлар иккита эмас, тўртта тилни ўрганиши кераклигини ёзган эди («икки эмас, тўрт тил лозим»). Булар туркий, форсий, араб ва рус тиллари эди. Туркистон аҳолиси аксариятининг тили туркий эди; «Форсий бўлса мадраса ва удабо тилидур»; араб тили Ислом тили эди; ниҳоят, рус тили Туркистон мусулмонлари яшаётган империянинг тили эди ва «тириклик ва дунё учун лозим» эди. «Тириклик ва дунё учун лозим» жумласи жадидлар мустамлака шароитида фаолият юритганини эслатиб туради. Миллат манфаати учун империя шароитида курашиш керак эди.
Лекин жадидлар учун тил миллатнинг бир хусусияти ўлароқ муҳим аҳамият касб эта бошлаган эди. Беҳбудийнинг Туркистон мусулмонлари туркий ва форсийни билиши керак, деган фикри Туркистонда кўпчилик туркий тилда сўзлашиши ва туркий экани тўғрисидаги қараш билан бир вақтда мавжуд эди. Айнан мана шу туркчилик (пантуркийлик эмас) ғояси 1917 йилдан кейинги йилларда жуда муҳим аҳамият касб эта бошлади.
Бугунги кунда вазият бошқача. Империя йўқ, Туркистон ва Бухоро ҳам ўтмишда қолган. Бунинг ўрнига Марказий Осиёда миллат тил ва ўзига хос тарих билан белгиланадиган миллий давлатлар мавжуд. Беҳбудийнинг Марказий Осиё аҳолиси тўртта тилни билиши кераклиги ҳақидаги насиҳати ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда. Бу бизга турклар ва форслар (яъни, бугунги кундаги ўзбеклар ва тожиклар) ўртасидаги кундалик ҳаёт даражасида мавжуд бўлган чуқур алоқаларни эслатади. Ва миллатга хизмат ғояси – жамоа манфаати, миллатдошларга ёрдам бериш мажбурияти – ҳали ҳам долзарб бўлиб қолмоқда, бундай мажбуриятларнинг аксарияти давлат қўлига ўтган бўлса-да. Жадидлар жамиятни янгича тасаввур қилдилар ва кўп ва хўп маънода бу қараш ҳали ҳам долзарбдир.