АҚШ Беларус давлат корхоналарига қарши санкцияларни қайта жорий қилди

Беларус йўловчи учоқни Минскка қўнишга мажбурлаб, унинг бортидаги журналистни ҳибсга олгани учун АҚШ Минскга қарши кўпроқ санкция жорий қилади.

3 июндан бошлаб Беларуснинг тўққиз давлат корхонасига қарши санкциялар қайта жорий қилинади.

Бу ҳақда 28 май Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.

"Биз ушбу чораларни шерикларимиз ва иттифоқчиларимиз билан биргаликда тузумни ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш ва Беларусь халқининг орзу-умидларига содиқлигимизни намойиш этиш учун кўряпмиз", дейилади Псаки эълон қилган баёнотда.

Псаки 23 май куни Беларус Ryanair авиакомпанияси рейсини "ёлғон баҳоналар билан" Минскка қўнишга мажбурлаганини айтди. У самолёт бортидаги мухолифатчи журналисти Роман Протасевич ҳибсга олингани "халқаро нормаларга мутлақ зид" эканини қўшимча қилди.

3 июндан бошлаб санкцияларга учрайдиган Беларуснинг 9 ширкати аввалроқ АҚШ Ғазначилик департаменти қарори билан санкциялардан озод қилинган эди.

Бундан буён АҚШ фуқароларига ушбу корхоналар билан ҳамкорлик қилиш маън этилади.

Бундан ташқари, Давлат департаменти АҚШ фуқароларини Беларусга саёҳат қилмасликка чорлади. Федерал авиация маъмурияти АҚШ авиакомпанияларига Беларусь ҳаво ҳудудида парвоз қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришга ҳамда эҳтиёт бўлишга чорлади.

Беларус 23 май куни Афинадан Вильнюс шаҳрига учаётган Ryanair авиаширкати учоғи бортида бомба борлиги ҳақида хабар келиб тушганини иддао қилиб, ҳавога МиГ қирувчи учоғини кўтарди ва йўловчи ўчоқни Минскка қўнишга мажбурлади. Учоқ Минскка қўнганидан кейин, ҳеч қанақа бомба топилмади. Лайнер ерга қўнгач, гўё салонда Протасевич ва унинг қиз ўртоғи, Россия фуқароси София Сапега борлиги маълум бўлди. Қиз ҳам журналист билан бирга қўлга олинди.

Псаки Беларус ҳукуматини Ryanair парвози бўйича "ишончли халқаро текширув" ўтказилишига рухсат беришга, барча сиёсий маҳбусларни зудлик билан озод қилишга ва "ЕХҲТ [Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти] ҳамкорлиги ва назорати остида эркин ва адолатли президент сайловларини ўтказиш йўлида демократик мухолифат раҳбарлари ва фуқаролик жамияти гуруҳлари билан ҳақиқий сиёсий мулоқот" бошлашга чақирди.

Псаки сўзларига кўра, АҚШ Лукашенко тузуми "халқаро меъёрларни менсимай, демократия ва инсон ҳуқуқларига путур етказаётгани" учун унга қарши чора кўришда давом этади.

Лукашенко 28 май куни Сочида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Авторитар президент Ғарб давлатларининг воқеага муносабатини "хархаша" деб атади.