Озодлик манбаларининг иддао қилишича, Тошкент шаҳар ҳокими¸ монополист мақомидаги энг йирик бизнес корпорациялари эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов билан қуда бўлмоқда.
Озодликнинг бир-биридан мустақил манбалари ўтган ой расмий унаштириш маросими ўтказилгани ва тўйнинг яқин ойларда бўлиши кутилаëтганини билдирди.
Озодлик гаплашган Тошкент ҳукумати мулозимлари ва тадбиркорлар Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатнинг энг йирик монополистига айланган Ортиқхўжаев билан Ўзбекистондаги кадрлар сиëсатини белгиловчи “серий кардинал” Низомиддинов ўртасидаги қудачилик ришталарини “ўзбек левиафани"¸ ëки "аждаҳонинг туғилиши” дея баҳолади.
Унаштирув
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Зайнилобиддин Низомиддиновнинг кейинги йиллар ичида қалинлашган сиëсий-иқтисодий ҳамкорлиги қариндошлик риштаси билан мустаҳкамлаëтгани ҳақида Озодликка бир-биридан мустақил бир неча манба хабар қилди.
“Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов қуда бўлишмоқда. Ортиқхўжаевнинг кенжа қизи Камила ва Администрация раҳбарининг Шаҳобиддин исмли ўғлининг унаштирув маросими бўлиб ўтди”¸ деб ëзди Президент Администрациясига алоқадор мулозимлардан бири.
Бўлажак келин-куëвни танийдиганларга кўра¸ уларнинг иккаласи ҳам Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети талабаси.
“Иккаласи студентлар кенгаши президентлигига номзод¸ яъни бир-бирига рақиб бўлишган. Ўшанда танишишган¸ деб биламан”, - деди Озодлик суҳбатдошларидан бири.
“Низомиддинов ўғлига отасининг исмини қўйган. Ҳозир бу бола Алишер Саъдуллаевнинг ëнида юрипти. Ëшлар ишлари агентлигида кунда-шунда. Ҳамма унга пахта қўяди. 21 яшар болага анча ëши катталар ҳам “Ие, Шаҳобиддин ака” деб муомала қилишганига гувоҳман. Ўзим шахсан гаплашганман¸ камтар ва маданиятли болага ўхшади”¸ - дейди Шаҳобиддин Низомиддиновнинг танишларидан бири.
Айни пайтда Президент Администрацияси раҳбарининг ўғлини шахсан таниганлардан бири "қўлида бир эмас¸ учта iPhone 12 Pro max олиб юриши¸Тошкентда асосан Lexus русумли машинада ҳаракатланишини қўшимча қилди.
Ижтимоий тармоқда панага кўчган келин ва кўринмас куëв
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кенжа қизи бундан бир неча йил аввал ижтимоий тармоқ¸ хусусан¸ Instagramда ўз шоҳона ҳаëтини кўз-кўз қилиш билан танилганди.
Отасининг маҳаллий матбуотга айтган 3 миллион 200 минг сўмлик ойликка "яхши яшаш" мумкинлиги ҳақидаги гапидан сўнг ижтимоий тармоқларда кенжа қизнинг хусусий учқичдаги саëҳатидан то қимматбаҳо машиналарига қадар жамоатчилик муҳокамасига тушди¸ заҳарханда ва эътирозларга учради.
Бунинг ортидан Камила Ортиқхўжаева ўз ҳашаматли ҳаëти акс этган видео ва суратларни ўчириб ташлади ҳамда ижтимоий тармоқдаги фаоллигини кескин чеклади. Шундай бўлса-да, унинг айрим эски ва янги расмларини Instagramдаги miss__uzb, richkidstashkent ("Тошкентнинг бой болалари") саҳифаларида кўрса бўлади.
Ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги чекланган бўлсада¸ Камила Ортиқхўжаеванинг тармоқлар¸ хусусан¸ Ўзбекистонда жиддий эътирозга сабаб бўлаëтган TikTok ишқибози экани айтилади.
2020 йил декабрида Жаҳонгир Ортиқхўжаев уюштирган "Тошкент ëшлар форуми"да TikTokда энг кўп кўрилаëтган ўзбекистонликлар учун махсус Tashkent City TikTok Awards тадбири ташкил этилди.
Бу тадбирнинг асл ташаббусчиси¸ айнан ҳокимнинг TikTokка ишқибоз қизи Камила Ортиқхўжаева экани айтилди.
Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўғли Шаҳобиддин эса¸ жамоатчилик назаридан панада қолмоқда¸ унинг тармоқдаги профиллари ëпиқ.
Instagramдаги очиқ профилида унинг шахсан ўзи олгани ëзилган суратлардан, асосан қимматбаҳо брендлар ишқибози экани тушунилади.
Пул ва сиëсий ҳокимиятнинг "қўрқинчли" синтези
Ўзбекистонда ҳокимиятнинг юқори поғоналарида ўтирганларнинг қуда-андачилик ришталари билан боғланиб кетгани янги ҳодиса эмас.
Каримов давридаги энг қудратли амалдорлар - МХХ раиси генерал Рустам Иноятов ва Давлат Солиқ қўмитаси раиси¸ генерал Ботир Парпиевларнинг қудалиги уларнинг ҳам иқтисодий¸ ҳам сиëсий кучини оширган жиддий омиллардан бири сифатида кўрилади.
Сиëсий ҳокимиятнинг олигархлар билан қўшилиб кетиши ҳам янгилик эмас.
Хусусан¸ 2009 йили Шавкат Мирзиëевнинг жияни Диёра Россиянинг энг бой одамларидан саналган миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни ва меросхўри Бобур Усмоновга турмушга чиққан эди.
Ўшанда маҳаллий ва халқаро матбуот Мирзиëев ва Усмонов – ҳокимият ва катта пулнинг чатишуви Ислом Каримовга ëқмагани ҳақида ëзган. 2013 йили Бобур Усмонов Тошкентдаги автоҳалокатда ўлиши ортидан унинг махсус суиқасд қурбони бўлгани ҳақида тахминлар ҳам тарқаган эди.
Мавзуга алоқадор Алишер Усмоновнинг жияни автоҳалокат қурбони бўлдиОзодлик гаплашган тошкентлик тадбиркорлардан бири Ортиқхўжаев ва Низомиддиновнинг оилавий кланга бирлашуви Ўзбекистондаги коррупция ва иқтисоднинг саноқли шахслар қўлида марказлашувини янги босқичга кўтаришини айтади.
“Бу - ўзбек левиафани (Инжилдаги қудратли афсонавий денгиз махлуқи - таҳр.) туғилиши, дегани. Ортиқхўжаев том маънода Тошкентни ўз шахсий ҳовлисига айлантирди. Зайнилобиддин Низомиддинов эса¸ Сурхондарëнинг ҳақиқий хўжайини. Айни пайтда мамлакатдаги кадрлар сиëсати шунинг қўлида. Кейинги пайтда мамлакатдаги ҳамма ключевой идораларнинг биринчи ўринбосари лавозимига Низомиддиновнинг ўз одамлари - сурхондарëликлар қўйилмоқда. Тошкент шаҳар прокурори сурхонлик¸ Транспорт ва Инвестиция вазирининг ўринбосарлари¸ таможня¸ солиқ замлари ҳаммаси сурхондарëлик. Тошкент шаҳридаги ключевой постларга ҳам Низомиддинов ўз одамларини қўймоқда – Тошкент шаҳар таможняси¸ Юнусобод солиқ¸ Чилонзор солиқ¸ ҳаммасига сурхондарëликлар қўйилди. Низомиддинов Ортиқхўжаев билан қуда бўлганидан кейин кўрасиз, масштабнинг қанақа катталашишини. Бу жуда хавфли ўйин”.
Мавзуга алоқадор Суриштирув: $555 млнлик газ ҳисоблагич лойиҳаси Tошкент ҳокими Ортиқхўжаевга алоқадор компанияларга берилдиАкфа/Артел корпорацияси мулкдори Жаҳонгир Ортиқхўжаев Шавкат Мирзиëев бош вазирлигидаëқ унинг ҳомийлигида бизнес империяси яратган тадбиркор сифатида кўрилади. Мирзиëев уни 2018 йили давлат ичида давлат деб кўриладиган Тошкентга ҳоким қилиб тайинлаганидан кейин манфаатлар тўқнашуви нормага айланди – аввалига Тошкент¸ кейинги икки йил ичида эса¸ Ўзбекистондаги аксар давлат лойиҳаларини жамоатчиликка очиқланмаган қарор ва фармойишлар, яширин тендерлар билан Ортиқхўжаевнинг хусусий ширкатларига бериладиган бўлди.
Шавкат Мирзиëев қўллови билан бўлаëтган жараëнда Ортиқхўжаевнинг яқин ҳамкорлари¸ мазкур лойиҳаларга оид қарор ва фармойишларнинг гувоҳлик беришича¸ Бош вазир Абдулла Арипов¸ Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовлардир.
Бўлажак келин-куёв таълим оладиган Тошкент Халқаро Вестминстер университетининг биринчи ректори вазифасида ишлаган Абдувоҳидов Ортиқхўжаевнинг қўшалоқ қудаси – Акфа/Артел эгасининг бир қизи Абдувоҳидовнинг ўғлига¸ бошқаси эса унинг жиянига турмушга чиққан.
2013 йилда Британияда чиқадиган нуфузли "Гардиан" нашри Тошкент Халқаро Вестминстер университетига 9 йил давомида ректорлик қилган Абдувоҳидовнинг собиқ КГБ зобити эканига эътибор қаратган эди.
Каримов даврида ҳукуматдан ҳайдалган ва бир муддат қудаси - Ортиқхўжаевнинг Акфа/Артел ширкатида ишлаб юрган Абдувоҳидов Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан Президент Администрациясида Давлат маслаҳатчиси лавозимини эгаллади. Ёшлар сиёсати, фан ва таълим соҳаси учун масъул Абдувоҳидовнинг айни лавозимда қилган илк ишларидан бири Тошкентда биринчи хусусий олий таълим муассасаси - Akfa Университетини очишда кўмаклашиш бўлди. Uzmetronom нашри унинг 2019 йилда жанубий кореялик ҳамкорлар билан қудаси муассислигидаги университетнинг тиббиёт йўналишини ривожлантириш борасида битим имзолашда бош-қош бўлгани ҳақида ёзган эди.