ЕИ ўз осмонини Беларус учоқлари учун ёпиб қўйди

Европа Иттифоқи беларус учоқлари учун ўз ҳаво кенглиги ва ЕИга аъзо давлатлардаги барча аеропортларини ёпди.

"Беларусдаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда Европа Иттифоқи Кенгаши бугунги чеклов чораларини кучайтиришга қарор қилди ва Европа Иттифоқининг ҳаво ҳудуди орқали парвозларни ва барча Белорус авиаширкатлари учун Европа Иттифоқи аеропортларига киришни тақиқлашга қарор қилди", дейилади Европа Иттифоқи расмий баёнотида.

Қарор Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан элчилар даражасида қабул қилинган ва шанба ярим тундан кучга кирди.

"Бугунги қарор Европа Кенгашининг 2021 йил 24 ва 25 майдаги хулосаларига асосан қабул қилинди. Унда Европа Иттифоқи давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари "Ryanair" авиакомпаниясининг 2021 йил 23 майда Минскка ноқонуний равишда қўндирилиши қатъиян қораланган. Бу холат ҳаво ҳаракати хавфсизлигига таҳдид туғдиради ", дейилади ЕИ баёнотида.

Беларус ҳукумати Афинадан Вилнюсга учаётган "Ryanair" лайнерини зўрлик билан қўндириб, мухолифатчи Роман Протасевич ва унинг қиз дўсти София Сапегани ҳибсга олди.

Расмий Минск лайнер бортдаги бомба ҳақидаги хабар туфайли қўнган деб даъво қилмоқда, аммо Европада бу ёлғон дейилмоқда.