Наманган вилояти Чортоқ тумани ҳокимлиги Шавкат Мирзиëев топшириғи билан давлатнинг 13 миллиард сўмига қурилган 1000 дона иссиқхона бир йилга бормай ташландиқ жойга айлангани ҳақидаги Озодлик хабарига муносабат билдирди.
Ҳокимлик баёнотида "Ҳамид Олимжон» агрофирмаси ҳудудидаги Баланд адир массивида "Golden nuts Namangan" томорқа агрохизмати МЧЖ иштирокида қурилган иссиқхоналарнинг 30-35 фоизи шамол оқибатида вайрон бўлган, дейилади
"2021 йилнинг 31 май ва 2 июнь кунлари бўлиб ўтган кучли шамол натижасида иссиқхоналарнинг 30–35 фоиз қисмига жиддий зарар етган. Бу камчиликларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимлигида муҳокама йиғилиши ўтказилиб, амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилиб чиқилган", дейилади ҳокимлик баёнотида.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Аввалроқ Сурхондарёда фуқароларга иссиқхона қуриш учун ажратилган кредитни ўзлаштирган шахс қўлга тушгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Самарқандда иссиқхона қуриш учун ажратилган қарийб 106 миллион сўм кредит талон-торож қилингани аниқланганди.
Озодлик ўтган йил декабр ойида Хоразм вилоятида ҳам президентга кўз-кўз қилинган иссиқхоналар ташландиқ аҳволга тушиб қолгани ҳақида хабар қилганди.